Самарқанд давлат чет тиллар институти 30 ёшга тўлди
Шу муносабат билан институтда маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда вилоятимиздаги олий таълим муассасалари ректорлари, профессор-ўқитувчилар, хорижлик меҳмонлар ва талабалар қатнашди.
Институтда дастлабки йилларда 500 нафар атрофида талаба таҳсил олган бўлса, бугунга келиб 13 минг нафарга яқин талаба таълим олмоқда. Ўтган давр мобайнида олий таълим даргоҳи нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам танилган олий таълим муассасаларидан бирига айланди.
- Айни кунда институтда 8 та факультет, 25 та кафедра фаолият кўрсатмоқда, - деди институт ректори Баҳодир Холиқов. – 19 та бакалавр таълим йўналиши, 16 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда.
Маънавий-маърифий тадбирда дастлаб талабалар фестивали ташкил этилди. Унда интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари ўтказилди. Шунингдек, хорижий халқларнинг миллий таомларидан дастурхонлар тузалди.
Тадбирнинг расмий қисмида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Тўхтаев вилоят ҳокимининг институт жамоасига табриги ўқиб эшиттирди. Институтнинг собиқ ректорлари Шаҳриёр Сафаров, Ғанишер Раҳимов, Шуҳрат Сирожиддинов, Илҳомжон Тўхтасинов ўз фаолиятлари, институтнинг кечаги куни ҳақида гапириб бердилар.
Тадбирда фаол профессор-ўқитувчилар ҳамда институтнинг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган интеллектуал ўйинлар ва спорт мусобақаларида ғолиб бўлган талабаларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.