Нарпай хорижий тиллар факультети: кеча ва бугун
*Самарқанд давлат чет тиллар институти - 30 ёшда
Учинчи Ренессанс ислоҳотларида чет тилларини ўқитиш соҳасининг ҳам сезиларли ўрни бор. Ривожланиб бораётган мамлакатимизда чет тилларини ўқитиш ва ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни санаб тугатиш қийин.
Мана шундай ислоҳотлардан бири чет тилларини янада оммалаштириш ва чекка ҳудудларда хорижий тил мутахассислари сони ва даражасини оширишга қаратилган бўлиб, бу ислоҳотлар негизида 2021-2022-ўқув йилида Нарпай туманида Самарқанд давлат чет тиллари институтининг Нарпай хорижий тиллар факультети ташкил этилди.
Факультетда хорижий тил ва адабиёт (инглиз тили), мактабгача ва бошланғич таълимда хорижий тил (инглиз тили), инглиз тили ўқитиш филологияси (инглиз тили), рус тили ўқитиш филологияси (рус тили) йўналишларида жами 274 нафар талаба таҳсил олади.
Факультетда умумий фанлар кафедраси бўлиб, барча профессор-ўқитувчилар тил билиш даражасини белгиловчи С1 сертификатига эга. Кафедрада бакалавриат учун 37 та фан ўқитилади.
Кафедранинг илмий йўналиши – “Хорижий тилларни ўқитишда лингвистик ва методик асослар” бўлиб, профессор-ўқитувчилар шу йўналишда илмий изланишлар олиб боради. Шу билан бирга, 5 нафар мустақил илмий ходим шу мавзуда диссертация ёзмоқда.
Кафедра ўқитувчилари иқтидорли талабалар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратади. Иқтидорли талабалар учун кафедрада 2 та махсус клуб ташкил этилган. Кафедра, шунингдек, Президентнинг “Янги Ўзбекистон тараққиётида таълим ва фан ривожини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Таълим тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан Нарпай туманидаги мактаблар билан ҳамкорлик олиб боради. Ушбу ҳамкорлик доирасида мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш, шунингдек, мактаб ўқувчилари орасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда.
Таълимнинг изчиллиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида кафедра Нарпай хизмат кўрсатиш техникуми билан ўқув-услубий ҳамкорлик шартномалари имзолаган. Талабаларнинг олий таълим муассасаларига кириш имкониятини ошириш ва битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида иш берувчи корхона ва ташкилотлар билан инновацион ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Илмий фаолият талабаларнинг ўзларини ривожлантиришларида катта аҳамиятга эга. Шу сабабли, илмий салоҳиятни ошириш учун доимий фаолият юритувчи клублар ташкил этилган. Ушбу клублар талабалар илмий изланиш олиб боришларига ёрдам беради. Факультетда ўқитувчилар, талабалар ва иқтидорли талабалар билан ишлаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, тилшуносликнинг турли соҳаларида семинарлар, давра суҳбатлари ва мулоқотлар ўтказилади. Талабалар ўз қизиқишларига кўра турли мавзулар бўйича клубларга бирлаштирилади ва раҳбарлар тайинланади.
Шу жумладан, талабаларимиз жамиятнинг турли жабҳаларида кўзга кўринарли натижаларга эришиб келмоқда. Масалан, 2023-2024-ўқув йилида талабалардан Нафиса Бобоева ва Дурдона Акрамқуловалар ўзларининг мақолалари билан Қозоғистонда бўлиб ўтган “Олтин қалам соҳибаси 2024” илмий-амалий кўрик танловида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Фаол талабаларимиздан яна бири Дилшод Султонов Американинг “Yuong council” С+5 лойиҳаларида доимий иштирок этиб келмоқда. Жорий йилнинг 14 октябрь куни факультет талабаси Моҳигул Абдумансурова “МДҲ етакчилари” халқаро илмий-амалий танловида ўз мақолалари билан қатнашиб, ғолиб деб топилди ва “Лидеры СНГ” номли кўкрак нишони билан тақдирланди.
Талабалар учун факультетда Интеллектуал клуб “Space X”, “Қувноқлар ва зукколар” клуби, “Digital Dives”, “Reader’s club”, “IELTS LEARNERS” каби тўгараклар фаолият юритади. Ушбу тўгараклар талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига хизмат қилади ва уларнинг интеллектуал ва ижодий ривожига ёрдам беради.
Ҳусниддин МАМАНИЁЗОВ,
факультет декани.