Аутсорсинг - тартибга олинмайдиган тизимми? Ёхуд боғчаларда болалар нега заҳарланяпти?

Кейинги вақтларда боғча болаларининг овқатдан заҳарланиши, аутсорсерлар боғчаларга истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келаётгани каби хабарлар кўпайди. Бундай нохуш воқеалар Самарқанд шаҳрида ҳам бўлиб ўтди, яъни тадбиркор томонидан мактабгача таълим ташкилотларига музлатилган, яроқсиз гўшт маҳсулотлари бериб кетилди. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлди.
Хўш, бундан кейин нима бўлди? Айбдорга чора кўрилдими? Аутсорсерларга вазифаси тушунтирилдими, бу ҳақда соҳа ходимлари томонидан семинар-тренинг ўтказилдими?
Самарқанд шаҳрида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси масъулларининг мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг хизматини кўрсатувчи тадбиркорлар билан мулоқоти бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бўлим бошлиғи Ирода Арипова мактабгача таълим ташкилотларига қандай озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш кераклигини тушунтирди.
- Аввало, давлат мактабгача таълим ташкилотларига озиқ-овқат маҳсулотлари эрталаб соат олтидан саккизгача етказиб берилиши керак, - деди И.Арипова. – Тадбиркорлар истаган вақтда озиқ-овқат маҳсулотларини боғчаларга олиб боряпти, баъзилари кечки пайт қоровулга бериб кетяпти. Озиқ-овқат маҳсулотларининг вақтида етказилмаслиги ҳам унинг сифатини бузилишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, етказиб берилаётган маҳсулотлар ичида карам, лавлаги, сметана каби маҳсулотлар йўқ. Сут маҳсулотининг сифатини белгиловчи сертификат мавжуд эмас. Аслида, боғчаларга махсус қадоқланган идишларда сут маҳсулоти етказиб берилиши керак. Гўшт маҳсулотининг музлатилгани сотиб олинганда, бошқа музлатилмаслик шарти билан мактабгача таълим ташкилотларига тарқатилиши лозим.
Бундан ташқари, тадбирда боғча таомномаси қандай бўлиши, ошпазлар махсус иш кийимида бўлиши ҳамда улар ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтказилиши шартлиги айтилди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов боғча болаларининг овқатдан заҳарланиш ҳолати кўпаётгани, шу сабабдан ушбу йиғилиш ташкил этилганини айтди. Бошқарма бошлиғи аутсорсерлардан боғча ошхоналарига қандай шарт-шароит яратиб берганини сўради. Яқинда вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи мактабгача таълим ташкилотларини ўрганганида Каттақўрғон туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотининг ошхонасида музлаткич йўқ эканига гувоҳ бўлишганига тўхталди.
М. Ҳамдамов тендерда ғолиб бўлган ва фаолият кўрсатаётган аутсорсердан боғчага музлаткич олиб бердингизми, деб сўради. Тадбиркор тез кунларда боғчага музлаткич олиб беришини айтди.
Ижтимоий тармоқларда боғчаларга сифатсиз гўшт берилгани ҳақида ёзган Хайрулла Мамасолиев Самарқанд шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилоти директори билан аутсорсер ўртасидаги телефон сўзлашув кимники эканини сўради. Самарқанд шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилотларига озиқ-овқат етказиб берувчи тадбиркор "Бу ходимни ишдан бўшатдик", деб айтди. Аммо Х. Мамасолиев бу жавобдан қониқмади ва унда бу ҳақда бошқа далиллар борлигини билдирди.
Шу билан биз кутган масала ҳақида гап бўлмади. Аслида биз йиғилиш Самарқанд шаҳри боғчаларида шов-шувга сабаб бўлган истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари тарқатилганлиги ортидан ташкил қилинган бўлса керак, деб ўйлагандик. Аммо бу масала очиқлигича қолди. Фақат санитария-эпидемиология ходимлари ўша гўшт маҳсулотини текширганда бир ҳафтадан кейин истеъмолга яроқсиз эканини аниқлашганини айтишди.
Шундан сўнг тадбиркорлар камчиликларимизни тўғирлашимиз учун санитария-эпидемиология ходимлари билан ҳамкорликда ишлашимиз керак экан, деган таклифни айтишди.
Шунингдек, давра суҳбатида боғча ошпазларини ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш, аутсорсерлар ва санитария-эпидемиология ходимлари ҳамкорлигини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Аммо масаланинг яна бир нозик томони бор. Санитария-эпидемиология бўлимлари ходимлари исталган вақтда мактабгача таълим ташкилотларини текшира олмайди. Улар бир йилда бир марта омбудсман рухсати билан мактабгача таълим ташкилотлари ошхонасини текшириш ҳуқуқига эга. Шундай экан, боғча ошхоналари билан боғлиқ муаммолар ҳали бери ечимини топмайди, деган хавотиримиз бор.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.