Жойларда тезкор чақирув “SOS” тугмачали замонавий қурилмалар ўрнатилмоқда

“Хавфсиз ҳудуд – хавфсиз маҳалла” тамойили асосида вилоятимизда жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида қўриқлаш бошқармаси томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 январдаги қарорига кўра, вилоятдаги криминоген вазият оғир маҳаллаларда жиноятчиликни барвақт аниқлаш, олдини олиш, вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, маҳаллалар ҳудудига кириш, чиқиш йўлларида ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида кузатув камералари, шахсни идентификация қилувчи қурилмалар ўрнатилди.

Барча қўриқлаш бўлимларининг техник қўриқлаш маркази ходимлари томонидан қизил тоифадаги маҳаллалар, аҳоли гавжум жойларда фуқароларга қўриқлаш хизматидан фойдаланиш ва унинг афзалликлари тўғрисида тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди. Ўтказилаётган тарғибот тадбирлари натижасида фуқаролар ўз хонадони ва мол-мулкини қўриқлаш хизматига ишониб топширмоқда. 

Фуқароларнинг мурожаатларига кўра, техник қўриқлаш маркази ходимлари томонидан аҳоли хонадонлари техник қўриқлаш воситалари билан жиҳозланмоқда. Хусусан, ўтган йил қўриқланаётган жисмоний шахсларнинг хонадонлари сони 1 минг 47 тани ташкил этган бўлса, шу йилнинг сентябрь ойига келиб, бу кўрсаткич 2 минг 529 тага етди. Техник қўриққа олинган объектлар сони эса 4 минг 812 тадан 8 минг 908 тага кўпайди.

Ўтган йил июль ойидан вилоятдаги кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари ва аҳоли гавжум жойларда илк бор “SOS” ташвиш тугмалари ўрнатилиши бошланган бўлиб, ҳозирга қадар бундай қурилмалар сони 130 тага етди. Шунингдек, вилоятдаги деҳқон ва буюм бозорлари, тарихий обеъктлар ҳамда савдо комплекслари ҳудудида ўрнатилган тезкор чақирув ташвиш тугмаси, фуқароларнинг мурожаатини қабул қилиш, аҳоли гавжум жойларда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни жиловлашга қаратилган самарали механизм бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, тарихий обидалар ва туризм масканларида маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга қулайлик яратиш, уларнинг мурожаатлари ва дуч келиши мумкин бўлган муаммоларига ечим топиш мақсадида “SOS” тугмачали замонавий устунлар ўрнатилмоқда. 

Ушбу устунлар хозирга қадар Самарқанд шаҳридаги  Регистон майдони, Бибихоним, Амир Темур, Ҳазрати Хизр мажмуалари ҳамда Сиёб деҳқон бозори ҳудудида ўрнатилган бўлиб, кундузи ва тунда ҳам кўриниб турадиган милтилловчи маёқча, фавқулодда “SOS” тугмаси ҳамда носозликларни бартараф этиш учун мўлжалланган сервис тугмалари билан жиҳозланган.

Жорий йилнинг тўққиз ойиида қўриқланаётган обеъкт ва ҳудудларда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган 1 минг 132 нафар шахс ушланган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлардан олинган моддий-товар бойликларининг умумий миқдори 37 миллион сўмдан зиёдни ташкил этди. Бундан ташқари, қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан 67 та жиноят очилди ва олди олинди. 

Умумтаълим мактаблари, кафе-барлар, савдо обеъктлари, кўп қаватли турар жойларнинг кириш йўлаклари ва бошқа қўриққа олинган обеъктларда ўрнатилган ташвиш тугмаси орқали келиб тушган хабарлар сони 940 тани ташкил этади. Ташвиш хабари орқали тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар чақирилиши натижасида 205 та жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди.

Раҳим НОМОЗОВ, 

вилоят қўриқлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник.