Фарзандларга бировнинг ҳақидан қўрқишни ўргатсак...

Туркияга қилган навбатдаги саёҳатим чоғида ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа ушбуни ёзишга ундади. Бурса вилояти Кестел туманида кўрганим сизга ибрат бўлиши мумкин.

Ҳар куни эрталаб 5–6 чақирим пиёда юриш кундалик одатимга айланган. Кестел тумани қирликларда жойлашгани боис бу ердаги йўллар чиниқмаган одамни ҳам ҳолдан тойдиради. Қияликдан тепага чиқиш, тепадан пастга тушиш мураккаб машғулот. Аммо кўп йиллардан буён пиёда юриш билан шуғулланиб келаётганим учун бу менга қийинчилик туғдирмайди. Ҳатто шахсий рекордим бор - 2023 йил 28 июнда Макка шаҳрида салкам 29 километр масофани пиёда босиб ўтганман.

Эрталабки сайрни қилиб, қайтишда, соат 8:00 атрофида нон олишга қарор қилдим. Одатда Туркияда дўконлар соат 9:00 дан очилади.

Новвойхона машиналари дўконларга иссиқ нонларни санитария қоидаларига риоя қилиб, плёнка билан ўралган пластмасса идишларда келтириб, эшик ёнига тахлаб қўяди. Кейин эшикка целлофан пакет (сувқоғоз) илиб кетишади.

Маҳаллий аҳоли ҳар бир нон турининг нархини яхши билади. Кимга қандай нон керак бўлса, уни олиб, пулини шу пакетга солиб қўяди. Дўкон эгаси келгунча нонларнинг катта қисми шу тариқа сотилиб, пули пакетда туради. Мен ҳам кўпчилик қатори ўзимга керакли нонни олиб, пулини пакетга ташладим.

Мени ҳайратда қолдирган жойи шу бўлди, ҳеч ким дўкондорнинг ҳақига хиёнат қилмади - на кам пул ташлади, на нонни бепул олиб кетди. Бир пакет тўла пул кўчада, очиқ-ойдин, назоратсиз турибди. Лекин ҳеч ким унга қайрилиб қарамади.

Тўғриси, одамларнинг бу қадар ҳалоллиги, бировнинг ҳақини ейишдан чин дилдан қўрқишига ҳавас қилдим.

Ўйлаб қолдим, агар бизнинг юртимизда шундай ҳолатни ижтимоий кузатув (эксперимент) сифатида синаб кўрилса, қандай натижа бераради? Балки, бир кун келажакда ўзимизнинг маҳаллаларимизда ҳам шундай ишонч ва ҳалоллик муҳитини ярата олармиз. Чунки ҳалоллик - бу фақат туркияликларга хос эмас, инсоний фазилат. Уни тарбиялаш, ўргатиш ва жамиятда мустаҳкамлаш мумкин.

Агар биз ўзимиздан бошласак, ҳалол бўлиш, бировнинг ҳақига кўз тикишдан қўрқишни фарзандларимизга ўргатсак, келажакда бизда ҳам шундай пакет илиб қўйиш одатий ҳолга айланиши мумкин.

Шуҳрат РАЖАБОВ,

Пайариқ шаҳри.