Самарқандлик тадбиркорлар нега қамалди?

Ижтимоий тармоқларда жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг Т.Абдижалилов, А.Абдумаликов ва Ш.Қўзибоевга нисбатан чиқарилган ҳукмга доир видеолавҳа тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Видеолавҳадаги ҳолат ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги, ҳар бир инсон қалбида тадбиркор Т. Абдижалиловга ачиниш ҳиссини уйғотишини инкор этолмаймиз. Аксарият кўпчиликни “Давлат мукофотлари билан тақдирланган тадбиркор нега қамалди?” деган савол ўйга солаётгани ҳам табиий, албатта. Айниқса, судланувчи Т.Абдижалиловнинг фарзанди суд залида отасига тақдим этилган давлат мукофотларини намойиш этган ҳолда “Судья 7 миллиард сўм зарарни 14 миллиард сўм қилиб ундиришга ҳукм чиқарди”, деганида эҳтимол кимларнингдир кўнглида “Ахир, бу ноҳақлик-ку!” қабилидаги норозилик кайфияти уйғонгандир!
Айни шу каби мавҳумликларга вазминлик ва чуқур мушоҳада билан аниқлик киритишни лозим топдик.
Аввало, моддий зарар суммасини судланувчи Т.Абдижалиловнинг ўғли эҳтимол кучли ҳаяжон, эҳтимол тушунмовчилик таъсирида нотўғри талқин қилганини таъкидлаш ўринлидир. Айнан шу моддий зарар миқдори хусусида навбати билан тўхталамиз. Яна бир мавҳумлик - давлат мукофотларига сазовор бўлган тадбиркорнинг нега жиноий жавобгарликка тортилганини ҳам ҳар бир соғлом фикрли инсон тўғри англай билиши керак.
Жиноят кодексининг 5-моддасида белгилаб қўйилганидек, “Жиноят содир этган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб, қонун олдида тенгдирлар”.
Яъни, жиноий қилмиш содир этган шахс, давлат мукофотлари олган-олмаганлиги, юртимиз ёхуд халқимиз олдида салмоқли хизматлари бор-йўқлиги, бир сўз билан айтганда, ким бўлишидан қатъи назар, қонун олдида жавоб бериши керак.
Жиноят кодексининг 9-моддасига асосан “Қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт”.
Афсуски, Т.Абдижалиловнинг жиноят иши судда мазмунан кўриб чиқилганида унинг айбсизлигига оид важлари ўз тасдиғини топмади. Албатта, биз биринчи инстанция судининг ҳукми қатъий, шикоятга ўрин йўқ, деган фикрдан бутунлай йироқмиз. Ушбу ҳукм тарафларнинг шикояти ёки прокурорнинг протести асосида юқори инстанция судида қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши ва ўзгартирилиши мумкин.
Келинг, мазкур ҳукмга эътибор қаратайлик: судланувчи Т.Абдижалилов Ш.Қўзибоев ва А.Абдумаликов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, “Агробанк” АТБ Оқдарё филиали ва “BARAKASINI BERSIN TOMORQA XIZMATI” МЧЖ ўртасида 2023 йил 27 февраль куни тузилган 10-сонли кредит шартномасига асосан “Ҳўл ва қуруқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилиш, қадоқлаш ва қайта ишлаш асбоб-ускуналарини сотиб олиш” учун 84 ой, шундан 36 ой имтиёзли давр ва йиллик 14 фоиз устама ҳақи тўлаш шарти билан 7 000 000 000 сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағларини олган.
Ушбу маблағни жиноий шериги А.Абдумаликов раҳбарлик қиладиган “UNITED JOY GROUP” МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказилишига эришган. Шу тариқа“UNITED JOY GROUP” МЧЖ томонидан олди-сотди шартномасида кўрсатилган 14 турдаги асбоб-ускуна “BARAKASINI BERSIN TOMORQA XIZMATI” МЧЖга тўлиқ етказиб берилмаганлиги ва ускуналар эски эканлигини ҳамда нархлари бозор нархидан қимматлигини олдиндан билгани ҳолда гўёки ушбу ускуналар тўлиқ етказиб берилганлиги ҳақида 2023 йил 7 мартдаги 07/03-2-сонли электрон ҳисоб варақ-фактура орқали ускуналар етказиб берилганлиги тўғрисида қалбаки ҳужжатлар расмийлаштирган. Шундан сўнг жиноий шериклар ушбу ҳисоб-фактура сохта эканлигини олдиндан билган ҳолда қалбаки ҳужжатдан фойдаланиб, ушбу ҳужжатни “Агробанк” АТБ Оқдарё филиалига тақдим этган. Шу асосда ажратилган ўзганинг 7 000 000 000 сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағларини нақдлаштириб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Судланувчиларнинг жиноят содир этганликдаги айблари, ишдаги билдирги, кредит ҳужжатлари нусхалари, нарсани кўздан кечириш ҳақида баённома ва фотосуратлар, «Агробанк» АТБнинг мониторинг далолатномалари ва унга илова қилинган ҳужжатлар, кредит йиғма жилди нусха ҳужжатлари, юзлаштириш баённомалари ва жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан исботланган.
Судланувчи Т.Абдижалилов, А.Абдумаликов ва Ш.Қўзибоевнинг кредит маблағини ўзлаштиришмаганлиги ҳақидаги кўрсатмалари, суд мажлисида бир-бирларига нисбатан берган кўрсатмалари, шунингдек, фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, улар ўртасидаги юзлаштиришлар ҳамда иш ҳужжатларида мавжуд бўлган далиллар билан тўлиқ инкор этилиб, уларнинг важлари танқидий баҳоланган.
Биринчи инстанция судининг ҳукми билан иш бўйича етказилган зарарни қоплаш учун Самарқанд вилоят прокуратураси депозит ҳисоб рақамига тўланган 1 236 760 сўм пулларни “Агробанк” АТБ Оқдарё филиали фойдасига, судланувчи Т.Абдижалилов, А.Абдумаликов ва Ш.Қўзибоевдан солидар тартибда “Агробанк” АТБ Оқдарё филиали фойдасига 6 998 763 240 сўм ундириш белгиланди. Демак, Т.Абдижалиловнинг ўғли ундирилиши лозим бўлган зарар миқдорини 14 миллиард сўм деганида хатоликка йўл қўйган.
Яна бир муҳим жиҳат: Пайариқ туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 20 октябрдаги ҳал қилув қарорига мувофиқ, жавобгар “BARAKASINI BERSIN TOMORQA XIZMATI” МЧЖдан даъвогар “Агробанк” АТБ фойдасига 7 000 000 000 сўм миқдорида асосий кредит қарзи ва 179 000 000 сўм фоиз қарзи ундирилиши белгиланган. Ачинарлиси шундаки, иқтисодий суднинг ушбу ҳал қилув қарори ижро қилинмаган.
Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг 167-моддаси 4-қисмида етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги белгиланган.
Содда қилиб айтганда, Т.Абдижалилов ва бошқалар етказилган зарарни қоплаганида озодликдан маҳрум этилмаслиги, балки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога тортилиши мумкин эди. Зотан, Т.Абдижалилов ва унинг шерикларининг жазога тортилишидан ҳеч ким манфаатдор эмас. Судья ҳукм чиқариш чоғида фақат қонунга бўйсунади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳукмдан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда юқори инстанция судига апелляция/кассация шикояти келтириш (протест киритиш)га ҳақли. Суд биносида бақир-чақир ва тартибсизлик қилиб, эълон қилинган ҳукмга нисбатан норозилик билдириш билан суд қарорини ўзгартириб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суд матбуот хизмати.