Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Жамоатчилик назорат масканлари” назоратга муҳтож

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида янгича қарашларга асосланган амалий ишлар олиб борилмоқда. Шулардан бири, маҳалла фуқаролар йиғинларида ташкил этилган “Жамоатчилик назорат масканлари”дир.

Маълум бўлишича, вилоятда 345 маҳаллада шу каби назорат нуқталари ташкил этилган. Аммо улар бугун қай даражада “ишлаяпти?”.

Очиғи, уларнинг нима мақсадда ташкил этилганлигини айрим маҳалла масъулларининг ўзлари яхши билмайди. Профилактика инспектори у жойга умуман бормайди (Яшаш учун хизмат уйларига бормаган, назорат масканига борармиди), янги ташкил этилган инспектор ёрдамчиси аҳён-аҳёнда расмга тушиш учун у ерда ҳозир-у нозир бўлиб туради, холос. Бошқа вақтда у маскан “жимлик маскани”га айланади-қолади.

Ачинарлиси, ушбу масканларнинг доимо очиқ туришидан фойдаланиб, бекорчилар у ерда кундуз кунлари карта, нарда ўйнаса, бу жой ичкиликка ружу қўйган кимсаларнинг кечаси тунайдиган жойига айланаётганига нима дейсиз?

Жамоат масканларининг қай мақсадда ташкил этилгани ҳамда ундан тўғри ва самарали фойдаланилмаётгани ҳақида ўтган йили Самарқанд вилоятининг «Зарафшон» газетасида бир неча танқидий ва таҳлилий мақолалар чоп этилди. Жумладан, 2018 йил 17 июлда “Жамоатчилик назорат масканлари: вилоятда бу борадаги аҳвол қониқарлими?”, 13 августда “Жамоатчилик назорати масканими ёки савдо нуқтаси?”, 15 декабрда “Жамоатчилик назорат масканлари ишламаяпти” сарлавҳалари остида эълон қилинган мақолаларда мавжуд камчиликлар очиқ-ойдин айтилди, кенг жамоатчилик мушоҳодага чорланди, аммо натижа кутилганидек эмас.

Тўғри, тизимни самарали ташкил қилиб, маҳаллага кириб-чиқаётган фуқаролар, автоуловларни назорат қилиб, ўз маҳалласида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фидокорона хизматларини аямаётган масъуллар талай. Аммо бу натижанинг гарови дегани эмас-да.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бугунги кунда аксарият жиноятлар тунда ва оилавий низолар оқибатида келиб чиқмоқда. Демак, кечки вақтда саёқ юрган фуқаролар, айниқса, ёшларни ўғрилик, талончилик ва қотиллик жиноятига қўл урмаслиги учун масъул бўлган ёхуд хабардор бўлиб турадиган масканларнинг иши нега сезилмаяпти?!

Демоқчимизки, бугунги кун жамияти учун ўзгалар ташвиши билан яшайдиган, жонажон Ватанимизнинг нурли истиқболи йўлида фидокорона хизмат қиладиган, ён атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўзининг ҳамда атрофдагиларнинг эътиборига қарата оладиган фаол фуқаролик позициясига эга фуқаролар керак. Агар юқоридаги хислатларимизни ўзимизда шакллантирмас эканмиз, “Жамоатчилик назорат масканлари” назоратга муҳтож бўлиб қолаверади.

Қуйида вилоятнинг туман ва шаҳарларида миллионлаб маблағлар эвазига ташкил қилиниб, бугун бўш турган “Жамоатчилик назорат масканлари”дан айримларини келтирамиз. Суратга эътибор билан қараб, хулосани ўзингиз чиқаринг.

Самарқанд шаҳридаги Чашма маҳалласи.
Каттақўрғон шаҳридаги Қори равот маҳалласи.

Булунғур тумани Гулзор маҳалласи.

Иштихон тумани Файзобод маҳалласи.

Каттақўрғон тумани Алишер Навоий номли маҳалла.

Қўшработ тумани Заркент маҳалласи.

Нарпай тумани Сарбозор маҳалласи.

Нуробод тумани Амир Темур маҳалласи.

Оқдарё тумани Пичоқчи маҳалласи.

Пайариқ тумани Гулзор маҳалласи.

Паст Дарғом тумани Сазағон маҳалласи.

Самарқанд тумани Оқмачит маҳалласи.

Тойлоқ тумани Бирлик маҳалласи.

Ургут тумани Гулистон маҳалласи.

Пахтачи тумани Жаҳонобод маҳалласи.

Ғофуржон БОБОБЕКОВ,

 Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бош мутахассиси.