Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Камбағаллик қандай аниқланади?

Президентимиз 2020 йил 27 февралда ўтказган видеоселектор йиғилишида халқимизнинг 4-5 фоизи камбағал эканлигини таъкидлаб ўтганди.

Самарқанд вилоятида Пахтачи тумани камбағаллик муаммоси бўйича энг оғир ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда 12,2 минг киши ёки жами туман аҳолисининг қарийб 7 фоизи камбағал саналади. Шунингдек, Қўшработ туманида 9,8 минг, Пайариқ туманида 17,2 минг, Нарпай туманида қарийб 17,3 минг аҳоли камбағал. Бу рақамларни маҳаллалар кесимида олсак, янада оғир рақамларга гувоҳ бўламиз. Масалан, Пахтачи туманининг Чоргўша маҳалласида 400 нафар камбағал фуқаро оғир аҳволда яшамоқда.   

Вилоятимизда камбағаллик ҳолатини ўрганиш аниқ чора-тадбирларни талаб этади. Бунда ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш муҳим масала.

Камбағаллик концепцияси асосида камбағаллар сони, ҳолатини аниқлашда турли хил фикрлар, қарама-қарши ёндашувлар бор. Расмий манбаларга таяниб, камбағаллар сонини ҳар хил фоизларда эканлиги тахмин қилинади. Лекин аҳолини ўзини-ўзи баҳолашидан билиш мумкинки, фактлар аниқ ва шаффоф эмас. Яъни, айрим аҳоли тоифалари моддий таъминланганлик жиҳатидан ўзларини камбағал ҳисобласа, айримлари айни шундай моддий таъминланганлик жиҳатидан ўзларини камбағал демайдилар. Шунинг учун Ўзбекистондаги камбағаллик ҳолати кўп қиррали ҳолат ва уни тарқалиш масштаби турлича қабул қилинган.

Қашшоқликка қарши самарали курашиш учун одамларнинг кундалик ҳаётида дуч келадиган ва уларнинг турмуш даражасининг пастлиги ёки қашшоқлик сабаблари бўлган муаммоларни яхши билиш керак.

Одамларнинг фаровонлик билан боғлиқ муаммоларини мустақил ҳал қилиш учун қандай манбаларга муҳтожлик бор? Масалан, аҳолининг аҳволини яхшилашга ёрдам берадиган ресурсларнинг асосий турлари, яъни иқтисодий манба - оила ҳаётига алоҳида зарар етказмасдан сотилиши ва нақд пулга айлантирилиши мумкин бўлган мулк, даромаднинг салмоғи, оилада камида бир йил яшаши учун етарли маблағларнинг мавжудлиги. Шунингдек, таълим ва малака кўрсаткичлари тўплами сифатида ҳисобланган малака манбаси.

Шундай қилиб, "даромадлар камбағаллиги"ни эмас, балки ҳақиқий камбағаллик билан курашиш муаммоси, бир томондан, уларни сарфлаш хусусиятлари, бошқа томондан мавжуд ресурсларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олишдир. Ва бу бир хилликдан узоқ бўлган ҳамда ижтимоий сиёсатнинг тубдан фарқ қиладиган оқибатларини келтириб чиқарадиган камбағаллик сабабларини батафсил тушуниш зарурлигини англатади.

Ҳозирги даврда камбағаллик чегараси бир киши учун кунига 3,2 АҚШ доллари миқдорида белгиланган. Агар бу миқдорни бир киши учун бир ойда 96 АҚШ доллари ташкил этишини ҳисобга олсак, республикамиз оилалари ўртача сони 4,6 кишини ташкил этиши ва бу чегара бир оила учун 441,6 АҚШ  долларини ташкил этиши керак. Айни пайтда аҳолининг пул даромадлари билан бирга натурал даромадлари ҳам бор. Натурал даромадларни тўлиқ статистик ҳисобга олиш имконияти чекланган. Агарда аҳолининг умумий даромадлари таркибида натурал даромадлари 15-25 фоизни (асосан қишлоқларда) ташкил этишини ҳисобга олсак, ўртача 4,6 кишилик оила учун натурал даромадларни пулга чақиб, ҳисобласак мос равишда (4 223 000-633 450 (15 фоиз) 3 миллион 598 минг 550 сўм ёки (4 223 000-1 055 750) 3 миллион 167 минг 250 сўмни ташкил этиши керак. Демак, республикамизда камбағаллик даражасини аниқлашда жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ўзининг миллий камбағаллик чегарасини белгилаб олиш талаб этилади.

Самарқанд вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ахборот хизмати.