Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мегабайтлар – болангизнинг ҳақи

Бугун бирор болалар ёзувчиси, шоирини танийсизми? Бугунгиларини? «Мен болалар учун қўлимга қалам олдим» деган ўрта авлод, ёш ёвлодни санаб кўрганмисиз? Уларни санашга бармоқларингиз ортиб қолади. Чунки болалар учун ёзадиганлар жуда кам.

Бугун дарсликларимиздан ўрин олаётган шеър ва ҳикояларни дадам, катта акам, мен ўқигандик ва ўғлим ҳам ўқияпти. Сабаб?

  1. Болалар учун ёзмаймиз;
  2. Болалар учун ёзолмаймиз;
  3. Болалар учун ёзишни арзимас иш, деб ҳисоблаймиз;
  4. Бизда “ўлдим-куйдим”чилар кўп, болалар учун ёза оладиганлар мактаби йўқолган.

Ваҳоланки, чоп этилаётган китобларимизнинг салмоқли қисми болаларимиз учун бўлиши керак. Бугунги давр боласига ҳар қанча зўр бўлмасин, муттасил “катта авлод”ни ўқитиб бўлмайди. Қон янгиланиши керак. Хориждан ҳам таржима қилиш ярамайди.

Хуллас, бизга болалар учун ёзадиганлар керак!

Тўлқин Сиддиқ... Бу инсонни Самарқандда жуда кўпчилик танийди. Радио ва матбуот журналисти ва бир вақтнинг ўзида болалар шоири.

Адабиётшуносликда тажрибам кам. Аммо Тўлқин Сиддиқ туғма болалар шоири, деб ҳисоблайман. Сабаб?

1. Бола қалби бор унда. Икки дақиқада исталган қайсар, тентак, зумрашага “бобо” бўлиб олади.

2. Доим кулиб туради, ундан ранжиган одамни танимайман. Иккита юзи йўқ. Шахсиятиям, истеъдодиям талабга жавоб беради. Бундай шоир фарзандларимиз учун жуда керак.

Шоирнинг илк китоби – “Elda aziz” “Юрист-медиа маркази” нашриётида бепул чоп этилди. Чунки бугун болалар учун ёзаётган фидойилар кам.

Ўғлингизга, қизингизга шу китобни олиб беринг, хурсанд қилинг. Шу ой камроқ мегабайт ишлатинг, тушликка тўртта эмас, иккита сомса олиб енг.

Дарвоқе, шоирнинг @bolalar_uchun деган телеграм каналиям бор. Уланиб қўйинг, болаларга ўқиб берасиз.

Исомиддин ПЎЛАТОВ.