Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: Фокусчининг қасоси. Ҳикоя

Стивен ЛИКОК

- Энди, хонимлар ва жаноблар, - деди фокусчи, - бу рўмол ичида ҳеч нарса йўқлигига амин бўлганингиздан кейин, мен ундан банкадаги олтин балиқчани олиб чиқаман. Бииир, иккии, марҳамат! 

Залда ўтирганлар ҳайрат билан такрорлади:

- Ажойиб, тасанно, у буни қандай қиляпти?

Аммо биринчи қаторда ўтирган ақлли жаноб ёнидагиларга шивирлаб, хабар берди:

- У... унинг қўлида эди... енгида.

Бошқалар бу ақлли кишига завқ билан қараб:

- Албатта, наҳотки, шунга бизнинг ақлимиз етмади, - деди.

Бутун зал бўйлаб шивир-шивир тарқалди:

- У унинг енгида бўлган экан.

- Кейинги томоша, - деди фокусчи, - машҳур ҳинд ҳалқалари. Марҳамат, ўзингиз кўриб олишингиз мумкин, ҳалқалар бир-бирига боғлиқ эмаслигига эътибор беринг. Ҳозир эса улар ўзаро боғланиб қолади. Бум! Бум! Бам! Марҳамат!

Ҳайрон қоларли даражадаги таҳсин ғовур-ғовури эшитилди, лекин ақлли киши яна шивирлади:

- Аниққи, унда бошқа ҳалқалар бўлган, енгининг тўрида.

Бошқалар ҳам шивирлай бошлади:

- Унинг бошқа ҳалқалари бўлган.

Фокусчининг қошлари жаҳл билан буришди.

- Энди, - деб давом этди у, - мен сизга яна бир қизиқарли томоша кўрсатаман. Шляпа ичидан сиз исталган миқдордаги тухум чиқараман. Бирор бир жаноб менга шляпасини қарзга бера оладими? Хўш! Раҳмат! Тайёр!

У ўттиз беш сония ичида шляпа ичидан нақ ўн еттита тухум олиб чиқди,  томошабинлар эса ҳайрат билан қарсак чала бошлашди. Лекин ақлли киши биринчи қатордаги қўшниларига эгилиб пичирлади:

- Унинг енгида товуқ бор.

Бошқалар ҳам бир-бирига пичир-пичир қилиб айтишди:

- Унинг енгида бир гала товуқ бор.

Тухум ҳийласи муваффақиятсизликка учради.

Ақлли кишининг пичирлашига қараганда,  фокусчининг енгида ҳалқалар, товуқ ва балиқлардан ташқари, бир нечта қарта дастаси, битта нон, қўғирчоқ каравоти, тирик қуён, эллик центлик танга ва ҳатто тебранадиган курси яширинган экан.

Шу орада фокусчининг обрўси туша бошлади. Шоу охирига келиб, у сўнгги умидсиз уринишни амалга оширди. 

- Хонимлар ва жаноблар, - деди у. – Томошамиз сўнгида, мен сизларга яқинда Типеррари аҳолиси томонидан ихтиро қилинган ажойиб япон фокусини намойиш этаман. Илтимос, жаноб, - деб давом этди у ақлли кишига мурожат қилиб, - менга олтин соатингизни бера оласизми?

Соат дарҳол унга топширилди.

- Сиз соатингизни майда-майда қилиб ташлашимга рухсат берасизми? – деб сўради овозида шафқатсизлик белгиси билан.

Ақлли қиши бошини ижобий силкитиб жилмайди.

Фокусчи соатни болғача билан синдириб ташлади.

- У соатини енгига яширди, - пичирлади ақлли.

- Энди эса жаноб, - давом этди фокусчи, - ижозатингиз билан дастрўмолчангизни олиб, уни тешиб чиқаман. Ташаккур. Кўриб турганингиздек, хонимлар ва жаноблар, бу ерда ҳеч қандай алдов йўқ, кўз кўра оладиган оддий тешиклар.

Ақллининг юзи завқланиб, ёришиб кетди. Бу сафар унга ҳамма нарса чиндан ҳам сирли бўлиб туюлди ва у бутунлай ҳайратда эди.

- Энди жаноб, менга шляпангизни узатсангиз, ва уни устида рақсга тушишга ижозат берсангиз? Ташаккур.

Фокусчи шляпани полга қўйиб, унинг устида ўйнай бошлади ва бир неча сониядан сўнг шляпа худди қуймоқ сингари теп-текис бўлиб қолди.

- Энди жаноб, илтимос, оппоққина целлулоиддан қилинган ёқангизни ечиб менга беринг, уни шамга қўйиб ёқиб юбораман. Раҳмат сизга, жаноб. Ҳа айтганча, кўзойнагингизни болға билан синдиришга рухсат берасизми? Раҳмат.

Бу сафар ақлли киши бутунлай саросимага тушиб қолди.

- Ана холос! – пичирлади у. – Энди мен мутлақо ҳеч нарсани тушунмаяпман.

Залда ғала-ғовур тинмади. Ниҳоят фокусчи қаддини ростлади, у ақлли кишига қаттиқ нигоҳ ташлади ва шундай деди:

- Хонимлар ва жаноблар! Сиз ушбу жанобнинг рухсати билан соатини синдириб, ёқасини ёқиб, кўзойнагини ечиб, шляпаси устида рақс тушганимни кўриш имконига эга бўлдингиз. Агар у менга пальтосини бериб уни яшил бўёқ билан бўяшимга рухсат берса, сизларнинг вақтларингизни янада чоғ қилган бўлардим. Йўқса, томоша тугади. 

Оркестрнинг ғолибона товушлари янгради, парда тушди ва фокусчининг енги ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бундай ҳийла-найранглар ҳали ҳам борлигигига амин бўлган томошабинлар тарқала бошлади.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.