Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистоннинг давлат ва жамият бошқарувидаги 35 нафар аёллар рўйхати тузилди

Сўнгги уч йил давомида Ўзбекистонда гендер тенглиги «тақиқланган мавзулар» рўйхатидан чиқарилди. Тузилмавий ва институционал ўзгаришлар давом этмоқда, қонунчилик такомиллаштирилмоқда, деб хабар берди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

Мазкур йўналишда сезиларли силжиш 2019 йилда юз берди. Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия тузилди. Уч ой ўтгач (2019 йил 21 июнь), мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Сенати раиси (лавозим даражасига кўра мамлакатдаги иккинчи одам) лавозимида Танзила Норбоева фаолият бошлади. Ва, сентябрь ойида иккита муҳим — «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ва «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар кучга кирди.

Аёлларнинг роли ва мавқеи, сиёсий-ижтимоий ҳаётда уларнинг фаоллиги ортганлигини яқинда бўлиб ўтган парламент сайловлари натижасига кўра, Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи аёллардан иборат эканлиги ҳам бунга ярқин мисол. Бу кўрсатгич 2014 йилга нисбатан икки баравар кўп демакдир.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслари институти экспертлари гендер тенглик масалаларини ўрганди. Хусусан, улар томонидан бугунги кунда давлат тузилмалари, муассасалари ҳамда йирик жамоат ташкилотларида фаолият юритаётган аёлларнинг Топ-35талик рўйхати тузилди.

Рўйхатни тузишда улар ишлаётган ташкилотларнинг сиёсий кун тартибини шакллантириш, соҳаларни ривожлантириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни амалга оширишга институционал таъсир даражаси инобатга олинди.

Қайд этилишича, «Юксалиш» УМҲ Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслари институти билан ҳамкорликда аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини жойларда маҳаллий даражада ҳамда сиёсий партиялар фаолиятида ўрганишни режалаштирган.