Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тенгдошини таҳқирлаган ўсмирлар маъмурий жавобгарликка тортилди

Интернет тармоғи фойдаланувчилари орасида ўсмирлар тиз чўккан тенгдошини таҳқирлаганликлари туширилган видео тарқамоқда.

Тошкент шаҳар ИИБ ушбу видео юзасидан қўйидагиларни маълум қилди.

Жорий йил 13 апрель куни интернетда ушбу видео пайдо бўлгач, таҳқирланган вояга етмаган А.Ш.нинг онаси Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ 9-ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, тегишли чора кўришни сўради.

Текширув давомида маълум бўлишича, жорий йил 25 март куни тахминан соат 15:00 да Мирзо Улуғбек туманидаги 219-мактаб ёнида 17 ёшли Даврон Х. ва 16 ёшли Отабек И.лар уларни сўккан А.Ш.нинг таъзирини бермоқчи бўлишган. Улар ривожланишида камчилиги бўлган А.Ш.ни тиз чўкишга ва кечирим сўрашга мажбур қилиб, унинг бошига икки марта урган. Шу билан бирга, ўсмирларда карантин даврида тиббий ниқоблари бўлмаган.

Белгиланган суд-тиббий экспертиза давомида А.Ш.да тан шикастлари аниқланмади. Шу сабабли жиноий иш қўзғатилмади.

Аммо ўсмирларнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар кузатилган.

Мазкур фактлар асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Тўпланган маълумотлар Мирзо Улуғбек тумани маъмурий судига йўналтирилди.

23 апрель куни Мирзо Улуғбек тумани маъмурий судида йиғилиш ўтказилди. Суд ўсмирлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида бўлиб ўтди.

Томонлар кўрсатмалари эшитилгач, суд Даврон Х. ва Отабек И.ларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) ва 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига 1 115 000 сўмдан жарима солди.

Бундан ташқари, Даврон Х. ва Отабек И.лар Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБнинг профилактик ҳисобига киритилди.