Байрамга хотин-қизлар учун ноанъанавий туҳфа

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси  ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож 600 нафар хотин-қизлар учун мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги олдидан Самарқанд шаҳридаги тарихий масканларга саёҳат уюштирилди, вилоят мусиқали  драма театрида спектакль намойиш этилди.

- Театрга биринчи марта тушишимиз, мазза қилиб томоша қилдик, - иштирокчиларнинг бир нечаси билан суҳбатлашарканмиз, шу фикрни билдиришди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, кейинги йилларда хотин-қизлар қўмитаси томонидан оилаларнинг аҳволини ўрганиш, улардаги ижтимоий муҳит ҳамда унинг сабаблари таҳлил этилмоқда ҳамда ушбу хонадонларга ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Вилоят мусиқали драма театрида «Аёлларни асранг, эркаклар!» номли спектакль намойишига ҳам бирор бир йиғинларга жалб этилмаган хотин-қизлар таклиф этилди.

- Рўзғор ташвишлари, фарзандларни улғайтириш билан бўлиб, бирор марта театрга келиш хаёлимизга ҳам келмаган экан, - дейди Паст Дарғом туманидан келган Ю.Шодмонова. – Маданий ҳордиқ олдик, байрамга ажойиб туҳфа бўлди.

Томоша сўнгида хотин-қизлар ушбу спектаклни эркаклар ҳам томоша қилиши шарт, деган хулосага келишди.

Муҳайё МЕЛИЕВА, ЎзМУ талабаси.