Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси Ватан ҳимоячиларини байрам билан қутлади

Ҳурматли Ватанимиз ҳимоячилари, юрт қалқонлари, мамлакатимиз посбонлари! Оила аталмиш қўрғоннинг мустаҳкам устунлари!

Сиз, азизларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан самимий қутлаймиз!

Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётингизни Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган Сиз, азму шижоатли ҳарбийларимизни шарафлаб, халқимиз, мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги хизматларингиз учун чуқур миннатдорчилик билдирамиз.

Мутафаккир шоир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборат. Биз Сиз билан, ана шундай ғоят масъулиятли ва олижаноб вазифани шараф билан адо этиб келаётган мард ва жасур, эл-юртига садоқатли Ватан ҳимоячиси билан фахрланамиз.

Биз, аёллар тинч ва осуда юртнинг мунаввар тонггини ҳар кун улкан орзу-умидлар билан қарши олар эканмиз, жаннатмонанд Ўзбекистоннинг бахтли аёли эканлигимиздан фахр ва ғурурни туямиз. Эришаётган ютуқларимиз, фаровон кунларимиз замирида Сизнинг самимий ғамхўрлигингиз, тинимсиз саъй-ҳаракатларингиз турганлигини ҳар биримиз чин дилдан ҳис қиламиз.

Сиздек ватанпарвар, мард ва жасур инсонлар бор экан, юртимиз тинч, фаровон ва албатта қудратли бўлишига ишонамиз.

Сизга соғлик-саломатлик, узоқ умр ва оилавий бахт ҳамда машаққатли ва шарафли хизматларингизда улкан зафарлар тилаймиз!

Ҳурмат билан Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари,

хотин-қизлар қўмитаси раиси  Гавҳар АЛИМОВА.