Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Рамазон ойи олдидан янги масжидлар фойдаланишга топширилди

Иштихон туманида жойлашган “Эшон Темирхон тўра” масжидининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигидаги уламолар қатнашди.

- “Эшони Темирхон тўра” жоме масжиди 1993 йилларда халқ ҳашари йўли билан қурилган бўлиб, масжиднинг янги биноси 2019-2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида таъмирланди, – дейди масжид имом хатиби Тошмуҳаммад Абилов. – Масжид ҳовлисининг умумий майдони 5 гектар, янги бино 1000 нафар намозхонга мўлжалланган.

Туманнинг Соҳибкор, Орлот, Қайирма, Ўзбекқўрғон, Боғихон маҳаллаларида яшовчи аҳолига хизмат қилувчи масжидда маъмурият (имом-хатиб, ноиблар) хоналари, ошхона, қоровулхона ва меҳмонхона каби қўшимча бинолар мавжуд.

***

Қўшработ туманидаги энг йирик “Домла Камолиддин Охун” жоме масжидининг очилиш маросими ҳам ўтказилди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва кенг жамоатчилик вакиллари дастлаб “Домла Камолиддин Охун” мақбарасини зиёрат қилди. Қуръони карим оятлари тиловати ўқилиб, дуо қилинди.

Шундан сўнг “Домла Камолиддин Охун” масжид ва мажмуасининг   очилиш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидлаш лозимки, “Домла Камолиддин Охун” жоме масжиди 1990 йилларда ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, 2020-2021 йиллар давомида замонавий лойиҳа асосида ҳашар йўли билан қайта қурилди. Масжид янги биносининг қурилиши 2020 йил 14 июнда бошланиб, 2021 йил 20 март ойида якунланди.