Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бухоролик имомлар Самарқанд масжидларида амри маъруф қилади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти” ҳамда “Тасаввуфнинг вазифалари: тариқат ва шариат” мавзусида ўқув-семинари ўтказилди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд ва Бухоро вилоятлари вакилликлари ҳамда диний таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Бухородаги масжидлар имом-хатиблари иштирок этди.

Семинарда “Сохта тариқатчиликнинг салбий оқибатлари”, “Абу Мансур Мотуридий илмий мероси ва ҳозирги кундаги аҳамияти”, “Калом илми ривожига мовароуннаҳрлик алломаларнинг қўшган ҳиссаси”, “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг дунё миқёсида ва Ўзбекистонда ўрганилганлик даражаси”, “Бухородаги Саффорийлар оиласининг Мовароуннаҳрда калом илми ривожига қўшган ҳиссаси”, “Мумтоз тасаввуф ва замонавий тариқатчилик” каби мавзуларда маърузалар ўқилди.

– Бухоролик дин вакиллари билан ҳамкорликда бу каби семинарлар мунтазам ўтказиб келинади, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили З.Эшонқулов. – Эндиликда марказда бошқа вилоятлардаги масжидлар имомлари иштирокида ҳам ўқув машғулотлари, давра суҳбатлари ташкил этилади. Эртага вилоятимиздаги масжидларда бухоролик имомлар иштирокида маърифий суҳбатлар ўтказилади ва биргаликда жума намози адо этилади.

Меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактабида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Семинарда вилоят ҳокими ўринбосари Д.Мамадқулов иштирок этди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.