Афғонистондан мужда - Алишер Навоий масжиди қайта тикланди

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий илм-фан, санъат ва адабиёт, таълим ва тарбиянинг қурувчиси ва ҳомийси бўлган шахс эди. Тақдир у кишини замонанинг улуғ ва шарафли кишиларига яқин қилди, устоз-мураббийлар билан ошно этди. Ёшлик чоғларидан Амир Темур тарихчиси Шарафиддин Али Яздий, Мавлоно Лутфий, Абдураҳмон Жомий каби улуғ мутафаккирларнинг суҳбатидан баҳраманд, уларнинг таҳсини ва ҳайратига сазовор бўлди.

Алишер Навоий Темурийлар давлатининг йирик фан ва маданият марказларидан бири бўлган Ҳирот, Самарқанд ва Машҳад каби шаҳарларидаги мадрасаларда таълим олганлиги маълум. Темурийлар даврида ва ундан кейин ҳам то XIX асрнинг охирларигача юртимиздаги мадрасаларда тил таълими, айниқса, араб тили грамматикаси чуқур ўргатилган. Шу сабабли Aлишер Навоий араб, форс тилларини яхши билган ва мадрасалардаги таълим усули ва анъаналари билан яқиндан таниш бўлганлиги ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

1466-1468 йилларда Алишер Навоий Самарқандда яшади ва Фазулуллоҳ Абулайс мадрасасида таълим олди. 1469 йилда Султон Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллаганда Навоий 28 ёшли мукаммал билимлар эгаси, юртга танилган шоир ва тажрибали давлат арбоби даражасига етган эди. Бойқаро 1472 йилнинг февралида уни вазир лавозимига тайинлайди ва «Амири Кабир» («Улуғ Амир») унвонини беради. Бу лавозимда Навоий эл-улус манфаати, шаҳар ва мамлакат ободончилиги, маданият равнақи, адолат тантанаси учун фойдаланадики, буларнинг барчаси пировард натижада Султон Ҳусайн давлатининг барқарорлиги ва нуфузини таъминлайди.

Ҳирот бу даврда ниҳоятда кўркамлашди, халқ турмуши яхшиланди, шеърият, нафис санъат турлари ривож олди. Талабалар учун «Ихлосия» мадрасаси, дарвешлар учун «Халосия» хонақоҳи, беморлар учун «Шифоия» шифохонаси, масжиди Жомеъ ёнига қорихона («Дор ул ҳуффоз») қурилди. Улуғ амирнинг кутубхонасида 70 дан ортиқ хаттот ва мусаввирлар қўлёзмаларни оққа кўчириш, уларни бадиий безаш билан банд эди. Ҳиротда яна «Низомия», Марвда «Хусравия» ва бошқа мадрасалар бино этилди.

Шу билан бирга, Навоий деҳқончилик ишларини йўлга қўйиб, жуда яхши натижаларга эришган. Тарихчиларнинг ёзишича, Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳрухий динор миқдорида эди. Улуғ Амир бу даромаднинг кўп қисмини хайрли ишларга сарф қилган. Тарихчи Хондамир Навоий қурган 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк, бир қанча тўғон, ариқ, ҳаммом, масжид-мадрасаларни эслайди.

Алишер Навоий қурган мадарасалар, масжидлар, таккалар, работлар юз йиллар давомида Хуросондаги туркий ва форсий халқларга хизмат қилиб келди. XIX-XX асрларда Афғонистонда юз берган низо ва тўқнашувларда Ҳирот бир неча марта вайрон этилди, улуғ бобомиз қурган бинолар ҳам жиддий зарар кўрди. Ҳатто, Навоийнинг мақбараси ҳам шикастланиш ва қаровсизликдан хароб ҳолга тушди. 2015 йилда ўзбек усталари иштирокида Ҳазратнинг қабртоши ва мақбараси тикланган ва бу ҳол барчамизни севинтирган эди.

Бугун Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) савобли ишга қўл урди. Туркий халқларнинг ғурури ва ифтихори бўлган улуғ шоир ва мутафаккир томонидан Ҳиротда қурдирилган обидаларни таъмирлаш ва тарихий меъморий мерос сифатида халққа қайтариш ишларини олиб бормоқда.

Яқинда Ҳиротнинг Гузаргоҳ мавзеида Навоий томонидан қурдирилган жоме масжиди ТИКАнинг Ҳирот  ваколатхонаси ташаббуси ва молиявий кўмаги билан таъмирдан чиқарилди. Аслига монанд тарзда амалга оширилган реставрация, қўли гул усталар томонидан ишланган ғиштин ва чўбин безаклар улуғ аждодимиз томонидан меҳр ва эътиқод билан қурдирилган обиданинг янгидан чирой очишига сабаб бўлди.

Қайта тикланган масжиднинг очилишида Ҳирот губернаторининг ўринбосари Нур Аҳмад Ҳайдарий, Ҳирот шаҳри зиёратгоҳлар ва вақфлар бошқармаси директори Абдулхолиқ Ҳақоний, Ҳирот университети ректори Абдулла Файз, гузаргоҳ комплексининг бошқарувчиси Мир Муҳаммад Алем иштирок этди ва Алишер Навоий номи билан боғлиқ тарихий обидаларни тиклаш, реставрация қилиш шаҳар аҳлини жуда мамнун этганини билдирдилар.

Маросимда сўзга чиққан губернатор ўринбосари Нур Аҳмад Ҳайдарий Ислом олами учун муқаддас бўлган Алишер Навоий масжидининг таъмирдан чиқарилиб, яна халққа қайтарилгани мамлакатнинг маданий ҳаётида катта воқеа бўлганини айтиб, бу саховатпешалик учун Туркия ҳукумати ва ТИКА ходимларига қизғин миннатдорчилик билдирди.

ТИКАнинг Ҳирот минтақаси дастури координатори Али Эргун Чинар Алишер Навоийнинг ижодий мероси барча туркий халқларнинг маданий ва маънавий мулки эканлигини қайд этиб, улуғ мутафаккир номи билан боғлиқ  бўлган масжидни Носир Аҳмад Ёвар бошчилигидаги реставратор усталар  билан биргаликда тинмай меҳнат қилиб, таъмирдан чиқариб, Ҳирот аҳлига ҳадя этганликларидан хурсандлигини билдиришди. Али Эргун Чинар жаноблари ТИКАнинг Ҳиротда Алишер Навоий ва темурийлар билан боғлиқ бўлган осори-атиқаларни таъмирлаш ва тиклаш бўйича ишларини давом эттиришини маълум қилди.

Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,

филология фанлари доктори, профессор, “Ипак Йўли” туризм халқаро университети биринчи проректори.

(“Анадолу ажанси” ахборот агентлиги ва https://www.tika.gov.tr/tr/  портали маълумотлари асосида тайёрланди).