Бир гуруҳ фидойилар “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди
Бугун вилоят касбий таълим бошқармаси томонидан “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни”га бағишланган байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирга мазкур соҳада меҳнат қилган фахрийлар, зиёлилар, педагоглар, касб таълими усталари таклиф қилинди.
Бир пиёла чой устида педагоглар ва мураббийларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати эътироф этилди. Мазкур соҳада меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ фидойи раҳбар, педагог ва касб таълими усталари “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
— Бизнинг техникумда 12 йўналиш бўйича 1200 нафар ўқувчи ўқийди, — дейди Иштихон тумани 1-сон техникуми директори Фахриддин Узоқов. — Йўналишларимиз рақамли ахборотларни қайта ишлаш, пайвандлаш, автомобиллар сервиси, модалар технологияси, ошпазлик, сотувчи-кассир, асаларичилик каби ҳозирги меҳнат бозорида зарур бўлган касблар бўйича тузилган. Ўтган йили умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчиларининг 25 фоизини қамраб олган бўлсак, бу йилги ўқув йилида қарийб 35 фоиз ўқувчиларни техникумга қабул қилдик. Ўқувчиларимиз маҳаллий касбий мусобақаларда, халқаро амалиётларда қатнашиб келяпти. 2024–2025 ўқув йилида 17 нафар ўқувчимиз Хитойдаги электр корхонасида уч ойлик амалиёт ўтаб, халқаро сертификатга эга бўлиб келди.
Бу йилги режаларимиздан бири — яқинда Самарқанд халқаро коллежининг таъсисчиси, инвестор Кушин хоним билан ҳамкорликни йўлга қўйиш. Ҳозир бизда хитой тили ўргатиляпти. Ўқувчиларимиз хитой тилини яхши ўзлаштирса, Ўзбекистондаги Хитой компанияларида ишга жойлашиши мумкин. Шунингдек, техникумда ўқувчиларга немис тилини ўргатишни ҳам йўлга қўйдик. Дуал таълим бўйича олтмишга яқин корхона билан шартномалар тузиб, 135 нафар ўқувчини қабул қилдик. Мақсадимиз — нафақат ички меҳнат бозорига, балки ташқи меҳнат бозорига ҳам рақобатбардош кадрларни тайёрлаб бериш.
— Ўн беш йиллик иш фаолиятим давомида мингдан ортиқ ўқувчиларни касбга йўналтирдик, — дейди Абу Али ибн Сино номидаги Пайариқ тумани жамоат саломатлиги техникуми катта ўқитувчиси Дилдора Йўлдошева. — Шунингдек, иқтидорли ўқувчиларни тайёрлашга, уларга илм ўргатишга чин дилдан ҳаракат қилиб келмоқдаман. Ҳар йили соҳамизга оид танловларда фаол қатнашамиз. Бу йил биз учун қувончли йил бўлди, чунки “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловининг республика босқичида тиббий-ижтимоий иш йўналиши бўйича ўқувчимиз Мухлиса Усмонова фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Танловда ўқувчим ғолиб бўлгани учун менга 33 миллион, ўқувчимга 6 миллион сўм пул мукофоти берилди.
— Сартарошлик касби бўйича ўқувчиларга амалиёт раҳбари бўлиб ишлаб келмоқдаман, — дейди Нуробод тумани 2-сон техникуми ишлаб чиқариш устаси Зебинисо Турдибоева. — Ўқувчиларим ҳар йили касбга оид танловларда фаол иштирок этиб келади. Ўтган ўқув йилида Андижонда бўлиб ўтган касбий танловда ўқувчиларим учинчи ўринни эгаллашди. Бундан ташқари, яқинда бўлиб ўтган “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловининг вилоят босқичида ўқувчиларим фахрли ўринни қўлга киритди. Бугун ушбу камтарона меҳнатларим касб байрами арафасида қадрланиб, “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу мукофот касбимга янада масъулият билан ёндашишни талаб этади.
Байрам тадбири куй-қўшиқлар билан бирга кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди.