Бола ўғрилари чиққани ростми?
Кейинги вақтда ижтимоий тармоқларда энг «тренд»га чиққан мавзу шу: «Бола ўғриси чиқибди...».
Қаердан чиққани, ушланган бўлса, жазога тортилган ёки йўқлиги ҳақида маълумот топа олмайсиз. Фақат ваҳимали видео ва расмлар тарқатилади. Мақсад нима, маълум бир каналлардаги кузатувчилар сонини кўпайтиришми ёки аҳоли ўртасида қўрқув ҳиссини уйғотиш?
Шу мавзуда мулоҳаза қилиб ўтирганимда, бир танишим келиб, қишлоғида куни кеча бўлиб ўтган воқеани айтиб қолди. Унга кўра, бир нечта қишлоқ боласи йўлда турган «Жигули»дан қочган. Буни кўрган «катта»лар «бола ўғриси», дея машинанинг ортидан қувиб, тўхтатишган. Кейин маълум бўлишича, ўша болалар «Жигули»га тош отиб, бир бурчагини пачоқ қилиб қочган экан. Аслида ижтимоий тармоқда тарқатилаётган шу мазмундаги медиаахборотлар ортидан суриштирув олиб борсангиз, аксарияти умуман бошқа мазмунга эга эканлигини топасиз.
Вилоят ички ишлар бошқармасининг расмий телеграм каналида айни мавзуда қисқароқ бўлса-да, изоҳ бериб ўтилган экан. Унда жумладан шундай дейилади: «Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти ҳудудида бола ўғрилари аниқлангани тўғрисидаги турли хабарлар тарқалмоқда. Шуни маълум қиламизки, ушбу хабарлар юзасидан масъуллар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар натижаси ушбу хабарлар асоссиз ва ҳақиқатдан йироқ эканлигини кўрсатмоқда».
Хусусан, кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлган бола ўғирламоқчи бўлинганлиги ҳақидаги шундай хабарлардан бири ўрганилганда, воқеа 2024 йилнинг 13 май куни соат 21:00лар атрофида Жомбой туманида содир бўлганлиги, унда аслида тошкентлик эркак ижтимоий тармоқлар орқали танишган аёлининг уйига келганида аёлнинг яқинлари томонидан ушланиб, «самосуд» қилингани маълум бўлди. Бу мавзу «мода»дан бироз қолган шекилли, ижтимоий тармоқ «фаол»лари унинг мазмунини ўзгартириб, оловга бензин сепишган, холос.
Ўйлаб кўрсак, «бола ўғрилари» мавзуси деярли ҳар йили бир кўтариладиган ва доим жамоатчилик эътиборида бўладиган навбатчи мавзуга айланиб қолган. Афсуски, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳалигача кенгроқ муносабат ёки изоҳ берганини кўрмадик. Тарқатилаётган ахборотлар ёлғон бўлса, брифинг ёки матбуот анжумани шаклида тадбир ўтказиб, кенг жамоатчиликни огоҳ қилиш, бундай ҳаракатларнинг мақсади ва ижтимоий хавфини тушунтириш керак эмасми? Агар шундай бўлганида, балки одамларимиз «Жигули»ларнинг ортидан қувишгача бормасди.
Асқар Баротов.