Дональд Трамп сайловолди кампаниясини бошламоқда

АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп кеча, 28 январь куни илк сайлов митингларини ўтказди, икки ойдан кўпроқ вақт олдин у давлат раҳбари лавозими учун курашда иштирок этиш ниятини маълум қилган эди.

Associated Press хабарига кўра, у кунига иккита митинг ўтказиши керак: бири Нью-Гэмпширда, иккинчиси Жанубий Каролинада. Гап Республикачилар партиясининг праймеризларини биринчилардан бўлиб ўтказган штатлар ҳақида кетмоқда – Трампнинг уларга қизиқиши шундан.

Ҳозирча Трамп ўз партиясидан президентликка номзод бўлиш учун курашиш ниятини билдирган ягона республикачидир. Бироқ яқин ойларда унинг жиддий рақиблари пайдо бўлиши кутилмоқда.

Трамп 2020 йилги президентлик сайловларида ғалаба қозона олмади ва ҳозирги давлат раҳбари Жо Байденга ютқазди. Шу билан бирга, республикачи овоз бериш пайтидаги қонунбузарликлар унинг ғалаба қозонишига тўсқинлик қилганини ҳамон даъво қилмоқда. Ушбу мағлубиятга қарамай, Трамп бу йиллар давомида Республикачилар партиясининг энг нуфузли вакили бўлиб қолди.

Вазият 2022 йил ноябрида, Трамп томонидан қўллаб-қувватланган қатор сиёсатчилар АҚШ Конгрессига сайловда ғалаба қозона олмагач, бироз ўзгарди. Натижада, республикачилар акарият прогнозлардан фарқли ўлароқ, Сенатда кўпчилик ўринни қўлга кирита олмади ва катта қийинчилик билан Вакиллар палатасида кўп жойни эгаллади. Ўшанда АҚШ оммавий ахборот воситалари айнан Трамп туфайли партия ишончли ғалабага эриша олмаганини тахмин қилган эди. Сўровлар ҳам собиқ президентнинг рейтинги пасайганини, Десантиснинг эса машҳурлиги ошганини кўрсатган.

Бироқ, сўнгги ҳафталарда вазият ўзгара бошлади: Трамп бир нечта сўровларга кўра, республикачи электорат орасида рейтинг бўйича Десантисдан ишончли тарзда олдинда.

АҚШда президентлик сайловлари 2024 йилда бўлиб ўтади. Ундан олдин демократлар ҳам, республикачилар ҳам ўз номзодини танлаши керак бўлади.