Энди вилоят ҳокими ўринбосарлари фаолияти баҳоланади
Жорий йилнинг 24 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари ўринбосарларининг уларга юкланган вазифаларни бажаришда шахсий масъулиятини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан “Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари ўринбоcарлари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини (KPI) ишлаб чиқиш, мониторинг қилиш ва баҳолаш тартиби тўғрисида Низоми тасдиқланди.
Низомда ҳар бир маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарларининг хизмат вазифаларидан келиб чиқиб, уларни амалга оширишда қайси устувор вазифаларга асосий эътиборни қаратиш лозимлиги бирма-бир санаб ўтилган.
Энди, вилоят ҳокимлари ўринбосарларининг рейтинг натижаларини чиқариш билан вилоят ҳокимлигининг Ахборот-таҳлил гуруҳи шуғулланади. Ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар раҳбар ўринбосарларининг самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши натижаларини умумлаштириб боради.
Рейтинг баҳолаш 4 қисмдан иборат бўлиб, натижаларнинг умумий самарадорлик кўрсаткичлари 70 фоиздан кам ҳолатда таъминланганда - “қониқарсиз”, 71 фоиздан 90 фоизгача - “қониқарли”, 91 фоиздан 99 фоизгача - “яхши”, 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланади.
Якуний натижаларни Қорақалоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар ўз мажлисида кўриб чиқиш ҳамда ҳар бир ҳоким ўринбосарига шахсий баҳо бериш учун киритилади.
Ҳар бир раҳбар ўринбосари бўйича берилган баҳо натижалари умумлаштирилиб, маълумотлар, таклифлар ва таҳлилий материаллар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Натижалар Вазирлар Маҳкамасида ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 20 санасига қадар Бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари ҳамда масъул таркибий бўлинма масъуллари иштирокида кенг муҳокама қилинади.
Шундан сўнг, ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25-санасига қадар Вазирлар Маҳкамасида тегишли раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг Раёсат мажлиси ўтказилиб, натижаларга кўра рағбатлантирилади ёки интизомий таъсир чоралари кўрилади.
Қабул қилинган қарор ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25-санасидан кечиктирмасдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига юборилади. Самарадорлик кўрсаткичларига эришишда масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбар ўринбосарларининг лавозимига лойиқлик масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифлар берилади.
Мазкур қарор билан раҳбар ўринбосарлари ҳудудда ўзига бириктирилган соҳалардаги самарадорлик кўрсаткичларига эришиш, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларининг тўлиқ ва сифатли бажарилишини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида шахсан жавобгарлиги ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгашлари олдида ҳисобдорлиги аниқ белгиланган.
Мазкур баҳолаш тизимини жорий йилнинг якунига қадар эксперимент тариқасида амалга ошириш ҳамда эксперимент якуни билан янада такомиллаштириш режалаштирилган.
Тизимнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш, инсон омилини камайтириш, рейтинг натижаларини шакллантиришда маълумотларни сохталаштириш, кўрсаткичларни сунъий равишда оширишларнинг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 1 ноябрига қадар баҳолаш натижалари ва динамикаси ҳақидаги маълумотларнинг реал вақт режимида идоралараро электрон алмашинувини таъминлайдиган электрон ахборот тизимини яратиш белгиланган.
Ушбу тизимнинг ҳаётга татбиқ этилиши билан маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолияти, хусусан, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлиги янада ошади.
Фозилжон АХАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали етакчи инспектори.