Гапирувчи майна

Бу қуш 20 тача сўз ва ўнлаб жумлаларни тузиб, айта олади.

Равшан Саидов асли термизлик. Туркман миллатига мансуб йигит. Ҳозирда Термиз шаҳридаги Байналмилал маҳалласидаги ихчам ва шинамгина ҳовлида яшайди. Унинг уч нафар фарзанди - икки ўғил, бир қизи бор. Равшан ака уларнинг келажакда етук мутахассис бўлиши учун яхши таълим ва тарбия беришга ҳар жиҳатдан интилмоқда. Ўғилларининг тўнғичи университетда, кичиги лицейда ўқимоқда.

Эътиборлиси, ўзига хос "хобби"га эга қаҳрамонимиз майна боқиб, уларни инсон каби гапиртиришга ўргатиш билан шуғулланади.

Одатда, майналар табиий шароитда узоғи билан 5-7 йил яшайди. Қафасда боқилса, узоқроқ, яъни 10-15 йил умр кўриши мумкин.

 - Шу вақтгача 7 та майнани боқиб, уларни сўзлатишга ҳаракат қилдим. Шулардан иккитаси гапиришга ўрганди. Ҳозирги "ақлли" қушимни 2014 йилнинг 12 июнидан буён боқиб келяпман. Бир-икки ойлигидан бошлаб "машғулот" ўтказмасангиз, бирор натижага эришиш қийин бўлади, - дейди кулиб Равшан ака Саидов. – Тажрибамдан маълумки, битта уйда иккита майна боқилса, у ҳеч қачон гапирмайди, ўзи ёлғиз бўлиши керак!

"Бразилия" лақабли ушбу гапирувчи қушга кўпроқ Равшан аканинг катта ўғли Ғоибжон қарайди. Яъни, майнага "дарс" беради, тил ўргатади. Айни пайтда "Бразилия" 3 ёшда. Энди тили чиқяпти-да, ахир. Шу боисдан ҳозирча у 20 тача сўзни ва ўнлаб жумлаларни тузиб, айта олади. Мисол учун: "Ассалому алайкум, яхшимисиз?" "Ғоибжон, яхши келдингизми?", "Равшан", "Наргиза", "Икром", "Акбар", "Димка" ва бошқа сўзларни айта олади. 

- Келажакда унга Ватанимиз мадҳиясини ёд олдиришни хоҳлайман ҳамда русча-инглизча сўзларни ўргатмоқчиман, - дейди Ғоибжон.

Энг қизиғи, ушбу майна радиода янграётган мусиқаларни диққат билан эшитиб, сўнг ўзи чиройли тарзда хиргойи қилишига ҳам гувоҳ бўлдик. Шунингдек, ҳовлига бегона мушук ораласа, хонадон эгаларини "миёв-миёв"лаб, йўталгандек овоз чиқариб ва эшик қўнғироғи овозига тақлид қилиб, огоҳ этиши ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. 

Яна бир гап. Бу ноёб қуш қафасдан чиқиб, ҳовлида эркин юради, учиб кетмайди. Ҳар куни уй эгалари билан бирга овқатланади. Қисқасини айтганда, у оиласининг бир аъзосидай бўлиб қолган…

Чори Жумақулов.