Инсон қадри – улуғ, хотираси – муқаддас
Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.
Бугун тонгда Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонида вилоят раҳбарияти ва фаоллар, ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, нуронийлар ва ёшлар вакиллари жам бўлди. Улар майдондаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйиб, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
Вилоят ҳокими Э.Турдимов фахрийлар, фаоллар билан суҳбатлашиб, уларни Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади. Давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган табригида қайд этилганидек, ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш, тинчлик ва барқарорликни, миллатлар ва динлараро дўстлик ва аҳилликни асрашда қаҳрамон фахрийларимизнинг жасорати, шонли анъаналари биз учун ҳамиша ибрат мактаби бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ҳамда фармонига кўра, бу йил байрам муносабати билан уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, кекса авлод вакилларини ижтимоий муҳофаза қилиш ва моддий рағбатлантириш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Таълим муассасалари, маҳаллаларда кекса авлод вакиллари билан учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Байрам арафасида вилоятда истиқомат қилаётган беш нафар уруш қатнашчисига Президентимиз табриги ва 20 миллион сўмдан пул мукофоти, эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан фахрийларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирлар давом этмоқда.