Паст Дарғомда рақамли технологиялар ўқув маркази фаолият бошлади

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган «Рақамли технологиялар ўқув маркази» ўз фаолиятини бошлади.

Мазкур марказ замонавий компьютер технологиялари билан жиҳозланган. Бу ерда туман ёшларини рақамли ва замонавий компьютер технологиялари, электрон тижорат, дастурлаш, робототехника асосларини ўргатиш бўйича курслар ташкиллаштириш ва ўқитиш кўзда тутилган.

- Бугун жамият тараққиётини ахборот коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди, - дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Д.Хўжамбердиев. - Табиийки, соҳа бўйича етук мутахассислар тайёрлаш тизимини ҳам давр талабига ҳамқадам тарзда такомиллаштириб бориш вазифаси қўйилмоқда. Барча жабҳаларда рақамли технологиялар жадал татбиқ этилаётган бугунги кунда бу масалада фақат олий ва махсус ўқув юртларига суяниб қолмасдан, мутахассислар тайёрлашнинг интенсив, инновацион усулларидан ҳам кенг фойдаланиш тақозо этилмоқда.

Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.