Қўшма Штатларда мигрантлар оқими рекорд даражада ўсмоқда
Қўшма Штатларда сўнгги 20 йил ичида муҳожирларнинг энг катта оқими қайд этилди. Бу ҳақда АҚШ ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркаса маълумотига асосланиб Reuters хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Марказий Америка ва Мексикадан келган мигрантлар томонидан чегарани кесиб ўтишга уриниш 2020 йил апрелидан бери ошиб кетди.
«Айтиш жоизки, Мексика, Гватемала ва Сальвадорда яшаш шароити тобора ёмонлашиб, ҳаёт оғирлашмоқда. АҚШга қочишнинг асосий сабаблари ҳам ушбу мамлакатлардаги қашшоқлик, зўравонлик ва коррупциядир», дейилади маълумотда.
2021 йил февраль ойида АҚШ чегара хизмати ходимлари қарийб 101 минг муҳожирга нисбатан Мексика билан чегарада «тўхтатиш/чиқариш»ни амалга оширди. Бу 2019 йилги чегаравий инқироздан бери энг юқори ойлик кўрсаткичдир.
«Қаровсиз қолган болалар қайтарилмайди». Айни пайтда қарийб 4300 нафар ота-она ёки яқинларисиз қолган бола чегара хизмати ходимлари томонидан сақланмоқда. Улар уч кун ичида ижтимоий уйларга ўтказилиши керак.
Ўз навбатида, янги маъмурият аввалги маъмуриятнинг қатъий иммиграция сиёсатини юмшатишга ваъда бериб, вазият кескинлашувига сабабчи бўлди, дея таъкидлашмоқда Конгресс республикачилари.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Жо Байден олдинги маъмуриятнинг миграция сиёсатини «миллий шармандалик» деб атади ва салафи Дональд Трампнинг мигрантларга оид бир қатор буйруқларини бекор қилди.