Қўшработ мактабларига кўмир тарқатилган, аммо синфлар совуқ

Олис ҳудудлардаги мактабларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш мақсадида Қўшработ туманида бўлдик. Туманда бугун 88 та умумий ўрта таълим мактаби бўлиб, 25806 нафар ўқувчи таълим олади. Мактабларнинг 5 таси газлашган, қолган 83 таси кўмир билан иситилади.

- Бу йил 3300 тонна кўмир олдик ва мактабларга тарқатдик, - деди туман халқ таълими бўлими мутахассиси Маҳмуд Сайфиев. – Мактаблар учун 42 та иситиш қозонлари харид қилинди. Уларни 17 та мактабда муддатини ўтаган, ишдан чиққан қозонлар ўрнига ўрнатдик. Қишга тайёргарлик бўйича бизда битта муаммо бор, иситиш қозонларига ўрнатиладиган мўриконлар бир мавсумга етмайди. Сабаби, мўрилар оддий тунукадан ясалади, тинимсиз олов ёқилганидан тез емирилиб кетади. Қиш мавсуми тугамасдан яна бошқа мўри ўрнатишга мажбур бўламиз. Мўрилар учун азбест қувурлари ўрнатилса, анча вақтга чидайди.

Дастлаб Қувкалла маҳалласидаги 87-умумий ўрта таълим мактабида бўлдик. Қир бағридаги мактабда 217 нафар ўқувчи таҳсил олади.

- Бу йил қиш мавсумига 50 тонна кўмир олдик, - деди мактаб директори Бойтемир Ғаниев. – Мактабимизда еттита иситиш қозони бўлиб, шу йил олтитасини янгиладик. Биттаси филиалимизга ўрнатилган. Филиалимиз қирнинг орқа томонида жойлашган, унда 12 нафар ўқувчи бошланғич синфда ўқийди.

Мактаб директорининг хонаси совуқ экан, 15 дақиқадан ортиқ ўтиролмадик. Синфлар ҳам совуқлигидан ўқувчилар қишки кийим-бошда ўтириб, дарс тинглаяпти. Ҳатто ўқитувчи ҳам пальтода. “Нега шунча кўмир олиб, синфларни иситмаяпсиз?”, деган саволимизга “Ҳали халқ таълимидан буйруқ берилгани йўқ. Бизга 15 ноябрдан мактабни иситасизлар, деганди”, деб жавоб берди директор.

Тумандаги 70-умумий ўрта таълим мактабида ҳам шундай ҳолатга дуч келдик. Мактабга 35 тонна кўмир берилган, аммо синфлар совуқ, иситиш қозонлари ёқилмаган. 2017 йилда қурилган 270 ўринли мактабда 338 нафар ўқувчи таълим олади.

Иккала мактабда ҳам иситиш батареялари фақат синфларга ўрнатилган, коридорларда бирорта ҳам батарея йўқ. Синфлар қишда иситилгани билан коридорлар исимаса, фойдаси йўқ. Олис ҳудудлардаги мактабларнинг аксариятида мана шу муаммо, ҳеч ким коридорда иситиш батареялари ўрнатишни ўйламайди.

Заркент қўрғонида жойлашган 26-умумий ўрта таълим мактаби 652 ўринли бўлиб, бугун унда 1238 нафар бола ўқийди. Мактабга Бойтўп, Зармитан, Заркент маҳаллаларидан ўқувчилар келади.

- Мактабимизга 70 тонна кўмир берилди, - деди мактаб директори Ўктам Бўриев. – Бу йил еттита иситиш қозонимизнинг учтасини янгиладик. Халқ таълими бўлими 15 ноябрдан иситишга рухсат беради. Ҳозирча синфларни иситганимиз йўқ.

Учта мактабда ҳам бир хил ҳолатга дуч келдик. Мактабларга етарлича кўмир берилган, аммо хоналар совуқ бўлса ҳам “тепадан” буйруқ берилмагани боис қозонлар ёқилмаган. Усти лой билан суваб қўйилган кўмирхоналардан ҳали кўмир олинмаган.

Қўшработ тумани масъуллари вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг вилоят ҳудудида ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тураржой биноларини иситиш мавсуми 2022 йилнинг 24 октябрь кунидан бошланиши тўғрисида фармойишидан бехабар кўринади. Акс ҳолда, туман мактабларида болалар совуқда таълим олмасди.

Хуршида Эрназарова.