“Тавҳид ва жиҳод катибаси” тарафдорига ҳукм ўқилди

Андижон вилоятининг Андижон туманида яшовчи фуқаро 2023 йилдан бошлаб “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг медиа тарғиботчилари таъсирига тушиб қолади.
Оқибатда у ташкилотнинг “ҳижрат” ва “жиҳод” қилишга, “шаҳид” кетишга даъват қилувчи, диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи ғояларини қўллаб-қувватлайди, материалларини ижтимоий тармоқдаги профиллари орқали тарқатади.
Халқаро террористик ташкилот аъзолари билан доимий алоқага киришиб, уларнинг сафида “жиҳод” амалини бажариш орқали қуролли тўқнашувлар ва террористик ҳаракатларда иштирок этишни режалаштиради.
Бундан ташқари, ушбу фуқаро ташкилот аъзоларига бевосита молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида мунтазам равишда пул маблағларини жўнатади. Хусусан, 2023-2024 йиллар давомида умумий ҳисобда криптовалюта орқали 2912 АҚШ доллари ва банк карталари орқали 4 млн 190 минг сўм пул маблағи юборади.
Кейинчалик, 2023-2024 йилларда Суриядаги террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун Қирғиз Республикаси орқали икки маротаба Туркия давлатига боради. Аммо Сурия давлатига ўтишнинг имкони бўлмагач, “Тавҳид ва жиҳод катибаси” ташкилоти аъзосининг кўрсатмаси билан Афғонистонга бориб, “Ислом жиҳоди иттиҳоди” халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилишни режа қилади. Эрон давлати орқали Афғонистонга ўтишга уринган ушбу шахснинг режаси охирига етмай 2024 йилнинг ноябрь ойида қўлга олинади.
Жиноят ишлари бўйича Андижон тумани суди томонидан мазкур фуқаро Жиноят Кодексининг 155-2-моддаси 1-қисми, 155-3-моддаси 2-қисми “а” банди, 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди ва 244-2-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.