Яқинларини ўз сафларига аъзо бўлишга даъват қилиб, интернет орқали аудио ва видео материалларни тарқатган диний-экстремистик ташкилоти аъзолари қўлга олинди
Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида истиқомат қилувчи «Ҳизб ут-Таҳрир» диний-экстремистик ташкилоти аъзоларининг фаолиятига чек қуйилди.
Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор тадбирлар давомида жиноий гуруҳ ташкилотчилари бўлган Г.С. ва Р.А. жиноий шерикларига “Ҳизб ут-Таҳрир”нинг “Ислом низоми” номли китоби ва “Ал-Ваъй” журналидан фойдаланган ҳолда бошқаларга дарс ўтиб, мамлакатимизда конституцион тузумни ағдариб ташлаб, халифалик давлатини тиклашга тарғиб қилиб келишгани аниқланган.
Шунингдек, Г.С. ва Р.А. ота-оналари, яқинлари ва кўплаб танишларини ўз сафларига аъзо бўлишга даъват қилиб, интернет орқали экстремистик мазмундаги аудио ва видео материалларни тарқатган.
Мазкур жиноий гуруҳнинг фаолияти айни пайтда Польшада яшириниб келаётган “Ҳизб ут-Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотнинг ғоявий етакчиларидан бири бўлган, Ўзбекистондаги ва хориждаги ватандошларимизни радикаллашувига ҳамда жиноятчига айналиб қолишларига сабабчи бўлаётган 1980 йилда Қирғизистонда туғилган, мазкур давлат фуқароси, содир этган жиноятлари учун халқаро қидирувда бўлган “Маҳмуд Абдулмўмин” тахаллусли Холдоров Маҳмуджон Абдумаликович томонидан бошқарилган.
Вилоят ИИБ хабарига кўра, ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.