Тилла қазиб олаётган йигит шеригини ўлдириб қўйди

1992 йилда туғилган, Навоий вилояти Кармана тумани, Зарафшон кўчасида истиқомат қилувчи Н.В. таниши - 1985 йил Бухоро вилоятида туғилган, Шофиркон тумани Денов маҳалласида яшаган Ф.М. билан Конимех тумани Караката овулига қарашли дашт ҳудудида жойлашган “Сентябрский” номли эски олтин конида, ҳозирда қўриқланмаётган ташландиқ карьердан таркибида тилла зарралари мавжуд қумларни қазиб олган.

Навоий вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар қилишича, ноқонуний иш жараёнида юзага келган ўзаро навбат талашиш шерикчилик бузилишига сабаб бўлди. Муросасизлик оқибатидаги жанжал Н.В.нинг Ф.М.га қўл зарбаси орқали тан жароҳати етказиши билан якунланди.

Қайд этилишича, Ф.М. спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги оқибатида мувозанатини йўқотиб, чап томонга йиқилган ва боши тошга теккан.

Зарафшон шаҳар Даугустоу қўрғонидаги врачлик пунктида Ф.М.га кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, у олган жароҳати туфайли вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Н.В.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.