Туркия ярим йилда туризмдан қарийб 26 млрд доллар даромад олди

Ўзбекистондаги туризм натижалари билан солиштириш ва хулоса қилишга арзийдиган рақамлар...

Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойга кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатга 26 миллион 388 минг 831 нафар хорижлик сайёҳ келган. Туркиянинг жорий йилнинг биринчи ярмида туризмдан тушган даромади 7,6 фоизга ўсиб, 25,8 миллиард долларга етган.

2025 йилнинг дастлабки 6 ойида Туркияга ташриф буюрган халқаро сайёҳлар мамлакатда ўртача 10 кеча қолган, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан атиги 0,9 фоизга паст, лекин бир кеча-кундузда ўртача 106 доллар сарфлаган, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга кўпдир.

“Йилнинг биринчи ярмида содир бўлган кўплаб геосиёсий қийинчиликларга қарамай, Туркия туризм соҳасида барқарор ўсишни сақлаб қолди. Йўналишларимиз, маҳсулотларимиз ва хизматларимизни диверсификация қилишга қаратилган стратегик ҳаракатимиз ўз самарасини бермоқда. Ушбу қийин шароитда ҳам асосий кўрсаткичларда ўсиш давом этмоқда. Умид қиламизки, туризмдан йил якунига қадар 64 миллиард доллар даромад оламиз”, деди вазир Меҳмет Нури Эрсой.

Йилнинг биринчи олти ойида Туркияга энг кўп сайёҳ - Россия Федерацияси (2,61 миллион киши), Германия (2,42 миллион киши) ва Буюк Британия (1,75 миллион киши)дан келган. Шунингдек, Америка қитъасидан, кўплаб европалик рақобатчи ҳамда Марказий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги мамлакатлардан борган туристлар сонида ҳам сезиларли ўсиш кузатилган.