Ургутдаги мактабларни 231 нафар ўқувчи олтин медаль билан битирди

2024/2025 ўқув йилида тумандаги умумий ўрта таълим мактабларини 6494 нафар ўқувчи ёшлар битирди.
Улар орасида 231 нафар битирувчи мактаб таълимини олтин, 47 нафари кумуш медаль билан якунлади. Шунингдек, ўқув йили давомида 287 нафар битирувчи турли даражадаги хорижий тил билиш сертификатларини, 450 нафари эса миллий сертификатларни қўлга киритди.
Битирувчиларга медалларни топшириш маросимида туман ҳокимлиги масъуллари ва туман фаоллари иштирок этиб, истеъдодли ёшларни табриклаб, уларнинг ота-оналарига миннатдорлик билдирдилар.
- Якунланган ўқув йили туманимиз таълим тизими учун муваффақиятли бўлди, - дейди Ургут туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ўринбосари Элёр Пўлатов. - Ўтган ўқув йилида 145 нафар битирувчимиз мактабни олтин ва кумуш медаллар билан тамомлаган эди. Бу йил ушбу рақам анча ошди.
Бундан ташқари, битирувчилармиз орасида муддатидан аввал турли хорижий олий таълим муассасаларини талабаси бўлганлар сони ҳам кўпайди. Масалан, 49-мактаб битирувчиси Аминжон Облоёров бир вақтнинг ўзида дунёнинг ТОП-300 ва ТОП-500 талик рейтингидан ўрин олган АҚШдаги 7 та олийгоҳнинг 560 минг долларлик грантини ютиб, муддатдан олдин ўқишга қабул қилинди.
Республика фан олимпиадасининг вилоят босқичида ўқувчиларимиз ўтган йил 6 та совринли ўринларни қўлга киритган бўлса, бу йил 8 та фахрли ўринларни эгаллади.