Самарқанд вилоят ИИБ ижтимоий тармоқларда тарқалган йўл-патруль хизмати ходимлари билан боғлиқ жанжалли тасвирларга изоҳ берди

2019 йил 6 июнь куни Telegram ижтимоий тармоғининг турли интернет сайтларига давомийлиги 51 секунддан иборат бўлган ЙҲХБ ходимларига нисбатан фуқаролар томонидан хизмат вазифасини бажаришга қаршилик қилиш тасвири ифодаланган видеотасвир тарқалган.

Аниқланишича, 2019 йил 5 июнь куни соат 22:50 ларда Самарқанд шаҳар, Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган 14-умумтаълим мактаби олдида ўтказилаётган “Автопатруль” рейд тадбири давомида Буюк Ипак йўли кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган автомашиналар тўхтатилиб текширилиши жараёнида Самарқанд вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлинмалари йўл патруль хизмати батальони йўл-патруль хизмати иккинчи отряди иккинчи сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати катта инспектори сержант С.Н. Самарқанд шаҳар Буюк Ипак йўли кўчасидан ҳаракатланиб келаётган автомашиналарга “Диққат” ишорасини бериб, тўхтатиш чорасини қўллаган вақтида “Кобальт” русумли 30 Н 492 SA давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси ЙПХ ходимини кўриб, ўз бошқарувидаги автомашинасини 100 метр олдинроқда тўхтатиб, автомашинасидан тушиб орқага қараб қочаётган вақтида ЙПХ ходими томонидан ҳайдовчини спиртли ичимлик истеъмол қилгани ҳолда транспорт воситасини бошқариб келганликда гумон қилиб, ҳайдовчини ушлаш бўйича Буюк Ипак йўли кўчасида жойлашган “Евраазия” ошхонаси олдида хизмат олиб бораётган иккинчи отряд иккинчи сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати инспектори, сафдор К.Ж.га алоқа воситаси орқали хабар беради ва хабарга асосан ҳайдовчи ушланиб, бошқарувида бўлган автомашина олдига олиб келинаётган вақтида ҳайдовчининг икки нафар танишлари ва кўчада бўлган бир неча нафар фуқаролар ҳайдовчини қочириб юбориш мақсадида ЙПХ ходимига ёпишиб, ҳайдовчини қочиб кетишга шароит яратган.

Ҳодиса жойига ёрдамга етиб келган сержант С.Н ва иккинчи отряд иккинчи сафарбар гуруҳи йўл-патруль хизмати катта инспектори, сержант Б.Қ. ҳайдовчини ушлаб, ўзининг бошқарувида бўлган йўл патруль автомашинасига жойлаштиришган.

Ҳайдовчи билан олиб борилган суҳбат давомида, у ўзини Ургут тумани Ўрамас қишлоғида яшовчи 1995 йилда туғилган А.Т. эканлигини, 2019 йил 5 июнь куни тушлик вақтида оз миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берадиган хужжатлари йўқлиги ва қўлланиладиган жарима миқдоридан қутулиш мақсадида ЙПХ инспекторларидан қочишга ҳаракат қилганлигини маълум қилган.

Шундан сўнг, А.Т. тиббий текширувдан ўтказилиб, тиббий баённомага кўра, ҳушёр холатда бўлганлиги аниқланган. Бироқ унга нисбатан транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз ва ЙПХ инспекторининг қонуний талабига буйсунмаганлиги ҳолати бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонига жойлаштирилган.

ЙПХ инспекторлари ва ҳайдовчи тан жароҳати олмаганлиги, лекин ЙПХ инспекторига ҳайдовчи ҳамда унинг танишлари қаршилик қилганлиги ҳолати бўйича уларга нисбатан вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви олиб борилаётганлиги маълум бўлди.

ЙПХ ходимлар йўлларда йўл қоидаларига риоя этилишини, турли хил йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида куну-тун, иссиқ ва совуқ демай, тиним билмай, пиёда ва ҳайдовчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида доимий равишда автопатруль рейд тадбирларини ўтказиб боради.

Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, агар ҳар бир фуқаро ЙПХ ходимига қаршилик кўрсатиб, қўпол қоидабузарлик содир этган ҳайдовчиларни қочиб кетишига шароит яратса, келгусида бундай ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш оқибатида бегуноҳ бир фуқаронинг ҳаётига зомин бўлмаслигига ким кафолат беради?

Хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола.

Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати.