Хонада ўтириб ишлаш қандай касалликларни келтириб чиқариши мумкин?
Одатда аксарият офис ходимлари бош оғриғи, кўз ичи қизариши (ачишиш, қичишиш), бел санчиқлари, қорин дам бўлиши ва оёқ увишиши каби муаммолардан шикоят қилади. Ушбу ҳолат замонавий тиббиётда “офис ходими синдроми” дейилади. Cоғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг шу борадаги саволларига Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати директорининг ўринбосари Нурмат ОТАБЕКОВ жавоб беради.
— Офис ходими синдроми ўз-ўзидан юзага келмайди. Шуниси маълумки, иш стажи ҳали у қадар катта бўлмаган ходим ҳам ушбу синдром билан касалланиши мумкин, - деди Н.Отабеков. - Қуйида кимлар хавф гуруҳига киритилиши ва огоҳлантирувчи симптомлар ҳақида маълумот берамиз.
Ортиқча вазн.
Хизмат тақозоси билан бир жойда ўтириб ишлайдиган кишилар камҳаракат бўлишади. Биласиз, жисмоний фаоллик суст бўлса, танада қон айланиши меъёрда кечмайди.
Ошқозон-ичак тракти касалликлари.
Асосий сабаб – нотўғри овқатланиш, шунингдек, йўл-йўлакай тамадди қилиш одатининг мавжудлиги.
Юрак-қон томир хасталиклари.
Тамаки ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, кўп миқдорда кофеин моддаси қўшилган ичимлик (қаҳва, аччиқ чой) ичиш, стресс, уйқусизлик – муаммонинг бош омиллари ҳисобланади.
Кичик тос аъзоси безовталиклари, бавосил.
Яна ўша гап, бир жойда узоқ вақт ўтириб ишлаш танада қон айланишини издан чиқаради. Киши аввал ҳам бавосил билан оғриган бўлса, хасталикнинг қайталаниш эҳтимоли юқори.
Қуруқ кўзлар синдроми.
Компьютердан мунтазам фойдаланувчиларда кўз ичи қизариши (ачишиш, ёшланиш) ҳолати кўп кузатилади. Сабаби эса монитордан тарқалувчи ёрқин нурдир. Шунингдек, кондиционер ҳавоси ҳам кўзларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Нафас йўллари касалликлари.
Хонада 5-6 нафар ходим ишласа ва улардан бири гриппга чалинган бўлса, касаллик қўзғатувчи инфекция ҳаво-томчи йўли орқали бошқаларни ҳам зарарлаши мумкин.
Мушак ва бўғим оғриқлари.
Ҳаракатсиз ҳолатда (кўпинча энгашиб ўтириш) узоқ вақт ўтирилса, бўғимлар “қотиб” қолади. Қон етиб келиши тўлиқ бажарилмагани боис оёқ увишади.