Ёш ветеринар, чорвадор ва биотехнологларга иш жойи борми?

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали билан ҳамкорликда «Замонавий кадрлар тайёрлаш, иқтидорли ёшларни тизимли қўллаб-қувватлаш, битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича бандлигини таъминлаш истиқболлари» мавзусида очиқ мулоқот ҳамда “Карьера кунлари” - бўш иш ўринлари ярмаркаси бўлиб ўтди.

Тадбирда университетнинг битирувчи курс талаба-ёшлари иштирок этди.

Иш берувчилар ва вилоят ҳокимлигининг масъул идоралари вакилларига таълим маскани ва бу ерда тайёрланаётган мутахассислар хусусида маълумот берилди. Жумладан, бугунги кунда университетда 6164 нафар талаба ва магистрант таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йилида битирувчилар бакалавр кундузги таълим шакли бўйича 705 нафар, сиртқи таълим шакли бўйича 214 нафарни ташкил этади.

Мулоқот давомида вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Феруз Абилов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали раҳбари Хуршид Назаров, вилоят ветеринария ва чорвачилик бошқармаси бошлиғи Алишер Нуруллаев ва вилоятнинг бошқа мутасадди раҳбарлари иштирок этиб, битирувчи талабаларнинг саволларига жавоб берди. Раҳбарлар томонидан қишлоқ хўжалиги ва ветеринария соҳасида бугунги кунда қандай мутахассисларга талаб мавжудлиги, мутахассислар давлат органлари ва ташкилотларига ишга киришда қандай билим ва кўникмаларга эга бўлиши кераклиги, вилоятда ветеринария ва қишлоқ хўжалиги соҳасида кутилаётган янги лойиҳалар, истиқболли вазифалар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Тадбир давомида Агентлик вилоят филиали томонидан vacancy.argos.uz ҳамда test.argos.uz платформалардан фойдаланиш юзасидан тақдимот намойиш этилди.

Карьера кунида вилоятнинг 50 га яқин корхона, ташкилот ва чорвачилик кластерлари 400 тадан ортиқ вакант лавозимлар ва бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Университетнинг учинчи ва тўртинчи босқич талабалари ҳозирда ишлаб чиқариш амалиётларини иш таклиф этилган корхона, ташкилотларда ўташ ва келгусида потенциал иш билан таъминланиш имконияти яратилди. Бундан ташқари, битирувчи талабаларнинг 150 нафарга яқини иш берувчилар билан шартнома имзолади.