Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Юксак эътибор учун ташаккур!

Ёшим саксондан ошди. Яқинда озгина бетоб бўлиб қолдим. Иссиқ жон – иситмасиз бўлмайди. Тан бироз шифо истабди. Майлида... Шифохонадаман. Ишдан узоқроқда. Бундай лаҳзаларда одам кўп нарсаларни таҳлил қилар, ўйлар экан. Баъзан хаёл олиб қочади. Кўнгил қурғур беихтиёр саволга ҳам тутади: нимага улгурдим, тўғри яшадимми, яқинларим мендан розими... дегандек.

Йўқ, йўқ... Бу тушкунлик эмас. Шунчаки, ҳаммада ҳам кечадиган туйғулар шекилли... Энди буёғи ёш ҳам эмасмиз. Кексаликда одамнинг кўнгли ҳам нозиклашиб қолар, бир оғиз ширин сўзга маҳтал бўлиб, бир чимдим эътибордан боши осмонга етар экан.

Биласизми? Кеча менинг ҳаётимда яна бир унутилмас воқеа бўлди. Президент менинг ҳолимни сўраб, шифохонага келди...

Аллоҳга беҳисоб шукур, умрим давомида кўп яхши инсонларга рўбарў келдим. Оқибатли, меҳридарё, фидойи... Улар орасида Шавкат ­Миромонович барибир ўзгача, ажралиб туради. Самарқанд вилоятини бошқарган кезларда мен бу инсоннинг келажакда юртга раҳбар бўлиши зарурлигини кўнглимдан кўп бор ўтказганман. Биласизми, Ўзбекис­тон у кишига овоз берганида мен каби шодланган яна бормикан, деб ўзимга савол берганларимни эсладим. Чунки чин фидойилик, ватанпарварлик, одамийлик ҳаммаси бир инсонда бу қадар мужассам бўлгани камдан-кам учрайди. Оқибати, меҳридарёлигининг чексизлигини айтинг. Шу боис, Аллоҳ бизга бу инсонни халқимизни суйганидан берган, деб ишонаман.

Самарқандга келиб қанчадан қанча муҳим лойиҳаларни ўз кўзлари билан кўриб, янги топшириқларни бериб, кўплаб учрашувлардан ортиб, яна вақт ажратиб мени ҳам йўқлаб келишлари... Менинг аҳволимдан хабар олиб турганлари, шифокорлардан кунда-кунора суриштириб турганлари устига...

Бошим осмонга етди! Муҳтарам Юртбошимга таъзимдаман. Менинг камтарона хизматларимни эътиборга олгани, хабар олиб, яна денг, «бизга кераксиз, Самарқандга кераксиз, ҳали ҳаммаси яхши бўлади», деган самимий дил сўзларини эшитиб, ёш боладек қувончим ичимга сиғмай кетди, кўзларим ёшланди.

Раҳмат Сизга муҳтарам зот, бу оқибат, бу ғамхўрлигингиздан беҳад шод бўлдим, таним қувватланди, руҳим шодланди...

Аллоҳ насиб этса, юртга ҳали кўп хизмат қилишга чоғланиб турибман...

Ҳасан НОРМУРОДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Олий Мажлис Сенати аъзоси