@zarafshonbot'га мурожаат: “Авиабилет савдосида ҳали ҳам фирибгарлар бор”

Шу йил 19 июнь куни Каттақўрғон шаҳрида жойлашган авиакассалардан биридан Самарқанд — Сан Франциско (АҚШ) йўналишига авиабилет олишга киргандимда шу ерда ўтирган ходим Н.С ( авиакассага эгалик қиладиган МЧЖ ва ходимнинг исм фамилиясини ҳуқуқ-тартибот идораларига аризамда берганман) менга ҳақиқатда шу йўналишга билет сотишини айтганди. У мендан жами 915АҚШ доллари маблағни Н.Ш. номидаги валюта картасига, 1 314 515 сўмни эса ўзининг пластик картасига ўтказишимни айтган ва мен уларга пулни ўтказиб берганман. Улар менга 9 июль кунига учишимни айтишганди. Аммо кечгача кутиб ҳам билет ололмадим. Эртаси куни келишимни айтишди. Аммо эртаси ҳам ундан кейин ҳам билет ололмадим. Кейинчалик билсам улар фирибгарлар экан.

Қизиғи, ўша куни ҳам юқоридаги авикассадан билет олиб, манзилига ета олмай қолиб кетганларни кўрдим. Авиабилетлар сохта эканлиги сабаб ўша авиакассадаги йўлда қолиб кетаётган фақат мен эмас эканман. Мен улардан сўраганимда айнан мендан билет учун пул олган ходим уларни ҳам алдагани маълум бўлди. Шундан билдимки бу ерда алданган фақат мен эмас. 

30 август кунига келиб вилоят ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилдим. Кўп ўтмай Каттақўрғон шаҳар ИИБ жиноят қидируви бўлимидан чақириб кўрсатма олишди. Суҳбат чоғида англадимки, айнан авиабилет масаласида чув тушиб ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза ёзганлар оз эмас экан.

Мен зиёли, ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган кишиман. Аммо шундай бўлиб ҳам ойлар давомида фирибгарлар ортидан югуриб ҳам пулимни тўлиқ қайтартира олмадим. Энди қолганларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Фикримча, бундай ҳолатларга тегишли идоралар жиддий қараб жазо муқаррарлигини таъминлашса, келгусида ҳам кўпчиликнинг сарсон бўлиши олди олинади.

Энг ачинарлиси, мазкур, авикасса таъсисчиси бўлган МЧЖ эгалари олдин ҳам худди шу иш юзасидан 11 марта жавобгарликка тортилган. Мен бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идоларига аризамда кўрсатганман. Мени ўйлантирадигани — шунча жавобгар бўлиб, ҳали ҳам айнан шуларга тегишли аваикассада одамлар чув тушиб қолаётгани. Фикримча, тегишли идоларар бу ишга жиддийроқ қарашлари керак".

Одил Ҳайдаров, Иштихон тумани.

Таҳририятдан: Мақолада мурожаатчининг важлари шундайлигича эълон қилинди. Ўйлаймизки, тегишли ташкилотлар ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдиришади.