Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди

Йиғилиш Самарқанд вилояти туманлари билан боғланган ҳолда видеоконференция тарзида ўтказилди.

Унда Республика комиссияси ва 4-минтақавий Ишчи гуруҳ аъзолари, сенатор ва депутатлар ҳамда масъул идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни Кенгаш раиси, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов очиб берди.

Унда вилоятда жорий йилнинг ўн бир ойи давомида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилинди.

Дастлаб сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари, Республика комиссиясининг 4-минтақавий ишчи гуруҳи раҳбари Э.Юлдашев ҳудудда умумий жиноятчилик ва жиноят-қидирув соҳасидаги жиноятлар сони ошмаган бўлса-да, туманлар кесимида, айниқса, айрим маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар сони ортганлигини таъкидлади. Жумладан, вилоятдаги 1087 маҳалланинг 838 тасида ёки 77,1 фоизида ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўйилиб, уларнинг деярли ҳар тўртинчисида жиноятлар сони ошган.

Бунга ҳудудлардаги криминоген вазият ва жиноятлар динамикаси тўлиқ таҳлил қилинмаганлиги, етарли малака, иш стажи ва тажрибага эга бўлмаган профилактика инспекторларининг тайинланиши ҳамда куч ва воситаларнинг тўғри тақсимланмаганлиги сабаб бўлмоқда. Қолаверса, баъзи маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари жамоатчилик манфаатлари йўлида жон куйдириш у ёқда турсин, ҳаттоки ўзлари қинғир йўлларга қадам қўяётгани жойларда нохуш статистиканинг ҳануз камаймаётганига қисман сабаб бўлмоқда. Ҳисобот даврида Самарқанд вилоятидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг 7 нафар ходими (5 нафар маҳалла раиси, 2 нафар масъул котиб) томонидан жиноят содир этилган. Шунингдек, жорий йил давомида 239 та транспорт ҳодисаси рўй берган.

Йиғилишда урғу берилган яна бир масала вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг содир этилаётгани бўлди. Қайд этилганидек, бундай жиноятлар сони Каттақўрғон, Пастдарғом, Пахтачи, Нарпай туманларида ортган. Ўсмирлар жиноятчилигининг асосий сабаблари қаторида улар орасидаги профилактика ишларининг талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди. Бироқ, бу муаммо комплекс хусусиятга эга эканлиги таъкидланиб, нафақат ҳуқуқ-тартибот органлари, балки жамоатчилик тузилмалари ва энг аввало, оила институти муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида айтиб ўтилди.

Шундан сўнг кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи А.Тошпўлатовнинг ҳисоботи тингланди.

Тадбир якунида Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.

Йиғилишда республика комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев иштирок этди.

Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.