10 ойда коррупцияга оид 134 та жиноят аниқланди
Бу жиноятларнинг 119 таси пора бериш, 13 таси пора олиш, биттаси пора олиш-беришда воситачилик қилиш, биттаси давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиш билан боғлиқ бўлган.
Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилишида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
Таъкидланишича, вилояти ИИБ ходимлари томонидан ушбу йўналишда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жорий йилнинг 10 ойи давомида коррупцияга оид 134 та (ўтган йилнинг шу даврида 118 та) жиноят аниқланган.
Мазкур жиноятлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда 82 таси иқтисодиёт, 51 таси ижтимоий соҳа ташкилотларига тўғри келган. Жумладан, 22 таси кадастр, экология ва коммунал хизмат кўрсатиш, 14 таси тиббиёт, 12 таси таълим соҳаси вакиллари томонидан содир этилган.
Кенгаш йиғилишида ички ишлар органлари ходимларига пора таклиф қилиш ҳолатларининг олдини олиш, бу ҳақда хабар берган ходимларни рағбатлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам ўз самарасини бераётгани қайд этилди. Хусусан, жорий йилнинг шу даврига қадар ходимларнинг шахсий ташаббуси билан 21 ҳолатда пора бериш жиноятлари аниқланиб, қонун устуворлиги таъминланган. Пора олмаган ва бу ҳақда белгиланган тартибда хабар берган ходимларга жами 80 миллион 500 минг сўм миқдорида пул мукофоти ажратилган.