4-Гидрометаллургия заводи ўз имкониятидан самарали фойдаланяпти(ми)?

Айни пайтда Қўшработ тумани Заркент шаҳарчасида жойлашган 4-Гидрометаллургия заводида йилига икки миллион тоннагача таркибида олтин бўлган маъданлар қайта ишланмоқда. Бунинг учун 500 нафардан зиёд ишчи-мутахассислар меҳнат қилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимиз кончилик саноати тармоғидаги ижобий ўзгаришлар Зармитан саноат майдони келажагига қатъий ишонч билан қарашга асос бўлади. Шу жиҳатдан 4-Гидрометаллургия заводи “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг ўз ўрни ва нуфузига эга корхона ҳисобланади. 2010 йилнинг август ойида иш бошлаган мазкур завод атиги 11 ойда қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Жанубий кон бошқармасида тажрибали ва ташаббускор металлурглар, “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони соҳиби Ғайрат Жуманов сингари асл металлурглар кўп. Заводимизда 17 та бўлинма мавжуд бўлиб, иш бошлаганимиздан буён 20 миллион тоннадан зиёд руда қайта ишланди. Айни пайтда комбинат томонидан ишлаб чиқарилаётган олтиннинг 10 фоиздан ортиғи корхонамиз зиммасига тўғри келади.

Албатта, бу салмоқли рақам. Лекин бугунги кун талаби, Жанубий кон бошқармасида олтин қазиб олиш ҳажмини ошириш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишга эътибор қаратилмоқда. Бу борада жаҳон бозоридаги талаб ва таклиф асосида ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш, заводни жиҳозлашда "Навоий машинасозлик заводи"да ишлаб чиқарилган жиҳозлар улушини ҳамда маҳсулот таннархини камайтирган ҳолда сифатини ошириш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.

Заркентда 4-Гидрометаллурги заводи, оддий қилиб айтганда, тилла заводининг барпо этилиши натижасида қақраб ётган адирлар ўрнини яшилликка бурканган боғ-роғлар эгаллади. Биргина ўтган йили “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида Жанубий кон бошқармаси томонидан Заркент шаҳарчаси ҳудудида 6 мингдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳамда 2 мингга яқин бўтасимон ўсимлик қаламчалари ўтқазилди

Шаҳарчада 4 минг 100 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Йиллар давомида Заркентда уй-жойлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталари, йўл-коммуникация тармоқлари архитектура талаблари асосида қурилмаганлиги маҳалла қиёфасига салбий таъсир кўрсатибгина қолмай, кўпгина муаммоларни ҳам келтириб чиқарарди. Тилла заводида бошланган қурилиш-бунёдкорлик ишлари бу ердаги кўп қаватли уйлар, маҳалланинг ички йўллари, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида ҳам бошланди.

Натижада Заркент шаҳарчасида ишчи-ходимлар ва ҳарбий хизматчилар учун 32 та кўпқаватли уй, 3 та ётоқхона, аквапарк, 200 ўринли “Кончи” маданият уйи, “Ёшлар” спорт мажмуаси ва кафеси, меҳмонхона, 50 ўринли ишчилар ошхонаси, 14-сонли ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми биноси ва шунга ўхшаш бошқа иншоотлар қад ростлади. Шунингдек, 44 та ёш оилага кўпқаватли уй ҳам ўз эгаларига топширилди.

Зармитан ва Маржонбулоқ саноат майдонларидаги конларимиз жойлашган маконлар маъданларга бой замин. Унинг бағрида олтин маъданлари салмоғи ҳам кам эмас. Бугун Ўзбекистон олтин қазиб олиш борасида дунёда етакчилик қилмоқда. Олтин конлари ва ундан олинган қимматбаҳо маъданларни қайта ишлайдиган заводлар фаолиятини мунтазам таъминлаб, янги иш ўринларини яратиш орқали халқ даромадини ошириш бизнинг асосий мақсадимиз.

Толлибой ЮЛДАШЕВ,

Жанубий кон бошқармаси директори.