“Адолат бор экан!”
Республика ишчи гуруҳи томонидан Иштихон туманида Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Навоий вилоятлари аҳолиси учун ўтказилаётган оммавий қабулда адолат истаб Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б.Исломов ва судьяларга мурожаат қилаётган фуқароларни ҳам кўпчиликни ташкил этди.
Қашқадарёлик Р.Жовлиев ички ишлар идораларида ишлаб, 2021 йилда ноҳақ қамалган. Лекин ўзи ва отаси ҳақиқат учун тинимсиз курашди. Куни кеча Олий суд Р.Жовлиевни оқлаш ҳақида қарор қабул қилди.
– Адолат бор экан, Олий суд боламни оқлаб берди, – дейди М.Жовлиев. – Бугун бу ҳақдаги ҳужжатларни олдик. Олий суд раисига миннатдорлик билдириш учун қабулга келдим. Адолатни қарор топтирган раҳбариятга, судьяларга минг раҳмат!
Самарқанд шаҳридаги “Farmshop” оилавий корхонаси раҳбари Н.Абдумажидов пул тушуми бўйича назорат касса машинасидаги хатолик туфайли икки йилдан буён турли идораларда сарсон бўлаётгани, бундан тадбиркорлик фаолиятига зарар етаётганини билдириб, Олий суд раисидан кўмак сўради.
Масала шу ернинг ўзида ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, қабул давомида содир қилган жиноий қилмиши учун суд ҳукми билан жазони ўтаётган 19 нафар фуқаро қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини билдириб мурожаат қилди ва уларнинг жазоси енгилроғига алмаштирилди.