Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Аҳолининг 43 фоизи узлуксиз ичимлик суви билан таъминланмаган

Самарқанд вилоят Матбуот уйида вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Неъматов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида жорий йилнинг дастлабки уч ойида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар хусусида сўз юритилди.

Шунингдек, 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида режалаштирилган 127 та ўрнига 158 та кўп хонадонли уйларда таъмирлаш ишлари якунига етказилгани таъкидланди. 294 та кўп қаватли уйнинг 40 тасида 20,5 минг квадрат метр том қисми мукаммал, 6 та уйнинг 750 кв.м. қисми жорий таъмирдан чиқарилиши кўзда тутилган. 17 та уйнинг ички муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, 9 та уйнинг фасад қисми, ирригация тизими қайта таъмирланади. 23 та болалар майдончаси қуриш, 6 та уйга темир эшик ўрнатиш, 31,1 минг квадрат метр йўлакларни тартибга келтириш ҳамда 177 та ташқи ёритиш мосламаларини таъмирлаш режалаштирилган.

Жорий йил Самарқанд шаҳридаги РК-1 марказий қозонхонаси “Элит Гранд” МЧЖ томонидан реконструкция ва модернизация қилиш белгиланган бўлиб иш режа асосида давом этмоқда. Мавсум бошланганга қадар манзилли дастур асосида Самарқанд шаҳрида барча қозонхоналар жорий ва мукаммал таъмирланади. 

- Шу пайтгача вилоятимиз аҳолисининг 67 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминлаган, деб ҳисобот бериб келганмиз, - дейди бошқарма бошлиғи. – Қайта ўрганишлар натижасида бу кўрсаткич 57 фоизни ташкил этиши маълум бўлди. Айрим ҳудудларда аҳоли сувни ташиб ичмоқда. Шунингдек, Самарқанд шаҳри аҳолисига ҳам кечаю-кундуз узлуксиз сув бера олганимиз йўқ. Буни бартараф этиш учун ҳаракат қиляпмиз. 

Йил якунигача вилоятда 411 та ичимлик сув иншооти ва 3 285,3 километр тармоғини қуриш, 563 та сув иншооти ва 711,0 километр тармоқни реконструкция қилиниши керак. 

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. 

Дилмурод Тўхтаев.