Асосий қомусимизни қандай ўрганамиз?
Ўзбекистон Конституцияси инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барча муҳим қоидаларни: инсоннинг яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, мулкдор бўлиш ҳуқуқи ва бошқа шу каби ҳуқуқларни ўз ичига олган.
Бизнинг Конституциямиз нафақат юридик ҳужжат, балки миллий мафкурамизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий асосини ташкил этувчи умуминсоний ғояларга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Самарқанд академик лицейида ҳам ватанимизнинг бош Қомуси ҳисобланган – Конституцияни ўрганишда, уни ҳаётга тадбиқ қилган ҳолда лицей ўқувчиларига етказиб беришда ташкил этиладиган ўқув-семинар дарслари, “Қомусимиз билимдонлари” номли заковатчилар беллашуви, турли хил байрам тадбирлари ва иншолар танловлари муҳим аҳамият касб этади.
Яқинда лицейимизда “Қомусимиз билимдонлари” номли заковатчилар беллашуви ўтказилиши ҳам бунга яққол мисол бўла олди. Билимдонлар эътиборига Конституциянинг давлат сиёсатидаги роли ва унинг моҳияти берилган адабиётларга, у ҳақидаги мақола ва рисолаларга илмий нашрларга, давлат сиёсатининг йирик вакиллари асарларига, мустақиллик йилларида Президентимиз томонидан чиқарилган қарор, қонун ва фармойишларга, ҳуқуқшунослик манбалари ва дарсликларга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Жаҳон мамлакатлари Конституцияларининг аҳамияти, ўрни ва мавқеига қаратилган саволлар ҳавола этилди. Тадбирнинг аҳамиятли томони шундан иборат бўлдики, лицей ўқувчилари бу беллашувда ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларини англаши, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиши, масъулият ва бурчларини билиши борасидаги саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этишди.
Ёшлар онги ва қалбида садоқат, ватанпарварлик туйғуларини ривожлантириш масъулиятини янада ошириш, уларни меъёрий ҳужжатлар билан яқиндан таништиришда мана шундай тадбирларни ўтказиш ўз самарасини бермоқда. Ташкил этилган шу каби тадбирларда Конституциямизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида тарғибот ишларини амалга ошириш, юртдошларимиз, айниқса, лицей ўқувчилари қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Ўтказилаётган ҳар бир дарсларда давлатимиз Асосий қонунининг яратилиши, Конституциявий комиссиянинг ташкил этилиши, унинг фаолияти, ўша давр ижтимоий-сиёсий ҳаётида конституциявий ислоҳотларнинг зарурлиги ва тарихий ривожланиш босқичлари ҳақида сўз юритилади. Ўзбекистон Конституциясининг ғоя, асосий принцип ва қоидалари умумэътироф этилган нормалар ҳамда халқимизнинг 3 минг йиллар давомида шаклланиб келган қадриятларига мослиги, Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказишда ана шундай машғулотларнинг ҳам ўрни беқиёсдир.
Умида Норқулова,
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Самарқанд академик лицейи ўқитувчиси.