Австрияда Европада биринчи бўлиб 5G алоқа тармоғи ишга туширилди

Германиянинг Deutsche Telekom концернининг Австриядаги шўъба корхонаси T-Mobile компанияси Европада биринчи бўлиб 5G — бешинчи авлод мобил алоқа тармоғидан тижорий фойдаланишни йўлга қўйди. Бешинчи авлод алоқа тармоғи ҳозирча 17 та қишлоқ ҳудудини қамраб олди. Расмийларнинг режасига кўра 5G технологияси 2025 йилгача мамлакатнинг барча фойдаланувчиларига тарқатилади. Бу ҳақда 29 март, жума куни «ТАСС.ру» хабар бераяпти.

Хабарда ёзилишича, ҳозирча T-Mobile нинг Австрия қишлоқ жойларида яшовчи 200 абоненти фойдаланаяпти. Улар 100 Мбит/с дан ортиқ тезликда интернетда ишлаш имконига эга бўлди.

Март ойи бошларида, Австрия 5G — бешинчи авлод мобил алоқа тармоғи частотасини аукцион орқали ютиб олиб, Европада биринчи бўлиб телекоммуникациянинг янги стандартини жорий этишга муваффақ бўлди.  T-Mobile билан биргаликда Австриянинг  A1 Telekom Austria,  Drei, ва яна тўртта минтақавий интернет компаниялари 5 G тизимини сотиб олишган яқин келажакда улар ҳам маълум ҳудудларга бу хизматни жорий этишади.