Болани парваришлаш таътили аёллар пенсиясига қўшиладими?
- Меҳнат дафтарчам асосида 1990-2021 йиллар давомида ишлаганман. Шу даврда 3 болали бўлдим ва бола парваришида уйда ўтирганман. Биринчи ва иккинчи болаларимга 2 йилдан, учинчи фарзандимга 3 йил бола парвариши таътилида бўлганман, иш стажим қандай ҳисобга олинади?
Саволга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси шўъба бошлиғи Абдурашид Раҳимов жавоб беради:
- 2022 йил 9 февралда “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун билан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддасига ўзгартириш киритилди. Унинг “ж” бандида бола “3 ёшга тўлгунча бола парваришлаш таътилларида бўлиш вақти, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил”, деб белгиланган эди. Шу сўз кўпи билан “6 йил” деган сўзлар билан алмаштирилди. Масалан, аёл 1990 йил ва 1995 йил туғилган болаларига туғиш таътилида 5 йил ўтирган бўлса, пенсия расмийлаштиришда иш стажига туғиш таътилининг кўпи билан 3 йили ҳисобга олиниб, 2 йили иш стажига киритилмасдан чиқариб ташланар эди. Янги қонунга кўра, 5 йиллик иш стажи ҳисобга олина бошланди.
Сизнинг саволингизда келтирилган масалада бола парвариши даврида бўлган вақт 7 йилни ташкил этмоқда, бунда бола парвариши даврининг кўпи билан 6 йили иш стажингизга қўшиб ҳисобланади.