“Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали бошланди

Сурхондарё вилояти, Бойсун туманининг Бибиширин маҳалласида жойлашган туризм комплексида “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали бошланди.

2002 йилда асос солинган “Бойсун баҳори” фестивали билан 2017 йил қайта тикланди ва халқаро фестиваль бундан буён UNESCO шафелиги остида ҳар 2 йилда бир марта ўтказилиши белгиланди.

Бу йил еттинчи марта ташкил этилаётган “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали янгича услубда ўтказилади. Шу мақсадда сўлим тоғлар қўйнидаги Бибиширин маҳалласида замонавий туристик маскан барпо этилган. Бу ерда беш қаватли, тўрт юлдузли муҳташам меҳмонхона, йирик саҳна, амфитеатр, вилоятлар қўрғонлари учун жой, этноспорт майдончалари ва бошқа инфратузилма иншоотлари қад ростлади. Ўтовлар ўрнатилиб, Термиз шаҳри, туманлар ва вилоят ташкилот, муассасаларининг қўрғонлари ташкил этилди.

Ҳозиргача 20 га яқин давлатдан фестиваль кўрик-танловида иштирок этиш таклифи келиб тушган. Юздан зиёд фольклор санъати усталари, фольклоршунослари, номоддий маданий мерос шинавандалари ва сайёҳлар қатнашмоқда.

Фестиваль доирасида халқаро илмий-амалий конференция, таниқли санъаткорлар ҳамда фольклор жамоалар иштирокида фестивалнинг очилиш маросими, миллий созлар ва либослар, таомлар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмалари, дрон-шоулар, этноспорт беллашувлари, шунингдек, улоқ-кўпкари, кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, хўроз уриштириш, варрак сайли каби турли халқ ўйинлари ҳам ташкил этилади.

Меҳмонлар мато, гилам тўқиш, каштачилик, дўппидўзлик, чанқовуз, дўмбира, сибизға, ғажирнай ясаш каби Бойсуннинг халқ амалий санъатидан бевосита баҳраманд бўлишади. Халқаро фестиваль бўлиб ўтадиган яшил адирликда юздан ортиқ ўтов ўрнатилиб, миллий урф-одат ва қадриятлар намойиш қилинади.

Фестивалнинг халқаро кўрик-танлови фольклор ҳамда миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишларида ташкил этилади. Нуфузли танловда фахрли биринчи ўринни эгаллаган жамоа 3 минг 500, иккинчи ўрин соҳиблари 2 минг 500 ва учинчи ўринни қўлга киритган фольклор ҳамда миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати усталари 1 минг 500 доллар миқдоридаги пул мукофоти ва эсдалик совғалар билан тақдирланади. Совриндорларга, шунингдек, махсус диплом, сертификат ва халқаро фестиваль статуэткаси топширилади. 

Бу ноёб ва нафис санъат байрами иштирокчилари ва меҳмонларида узоқ ўтмишдан сўзлайдиган археологик ёдгорликлар – палеолит даврига оид инсоният бешиги саналмиш Тешиктош, Амир Темур ғорлари, 65 миллион йиллик динозаврлар излари, ўз замонида муҳим истеҳком, стратегик иншоот вазифасини бажарган Узундара, Қўрғонзал, Туманқўрғон сингари археологик ёдгорликларига саёҳатлар уюштириб, дунё тамаддуни ҳақидаги билимларни бойитиш имкони бор.

Шунингдек, ташриф буюрувчилар бир асрлик тарихга эга Сайроб чинорлари, “Омонхона”, “Хўжамайхона” шифобахш сувлари, сирли балиқлари, Тангисар қизил каньонлари, сайёрамиздаги энг чуқур ғорлардан бири – Бойсунтоғ тизмасида жойлашган 2 651 метр узунликдаги “Қора юлдуз” ғорини бевосита кўриш имконига эга бўлади.

Сурхон воҳасининг осмонўпар тоғлар қўйнидаги сўлим Бойсун туманини ЮНЕСКО 1999 йил “Жаҳон халқ ижодиёти дурдонаси”, деб эълон қилган.

Каримберди Тўрамурод.