Булунғурлик 70 ёшли Сафарбой бобо танлов ғолиби бўлди
Самарқанд шаҳридаги Ширин шаҳарчасини барпо этиш дирекциясида “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда танловнинг туман (шаҳар) босқичларида ғолиб бўлган нуронийлар уч шарт бўйича маҳалласида “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида амалга оширган ишларни намойиш этди.
Ҳакамлар ҳайъати хулосаларига кўра, кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолиблиги Булунғур тумани Гулзор маҳалласи нуронийси Сафарбой бобо Алибоевга насиб этди ва I даражали диплом, базавий ҳисоблашнинг 9 баравари миқдорида, яъни уч миллион 60 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Шунингдек, Сафарбой бобо кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этади. Нарпайлик Муаззам Турдиева иккинчи, нурободлик Тўхташ Суяров учинчи ўринни қўлга киритди ҳамда уларга ҳам базавий ҳисоблашнинг 6 ва 5 баравари миқдорида пул мукофоти, эсдалик совғалари топширилди.
- 70 билан юзлашиб, ҳаётнинг паст-баландини кўрдик, - дейди Сафарбой Алибоев. – Бугун нуронийларга ёшларнинг таълим-тарбияси, уларнинг келажагидек масъулиятли вазифа ишониб топшириляпти. Кўряпмизки, ҳаётда орттирган бой тажрибамизни ёшларга ўргатиш ўз натижасини кўрсатяпти. Бугунги танлов ҳам биз нуронийлар учун ўзаро тажриба алмашиш, ёшлар тарбиясида нималарга эътибор қаратишимиз зарурлигини маслаҳатлашиб олиш учун қулай имконият бўлди.