“Динамо” Ғиждувонда дуранг қайд этди

Ўзбекистон (Coca-Cola) кубогининг 1-тур учрашувларига старт берилди. “Динамо” жамоаси Ғиждувонда “Бухоро” меҳмони бўлди.

Ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимнинг 82-дақиқасида "Бухоро" жамоаси вакили Суҳроб Неъматовнинг пенальтидан киритган голи ҳисобни 1:0 кўринишига келтирди.

Ўйиннинг қўшиб берилган дақиқаларида "Динамо" жамоаси футболчиси Тимур Ҳакимов пенальтини голга айлантириб, ҳисобни тенглаштирди ва ўйин дуранг билан якунланди.

Фазлиддин Рўзибоев.

***

Таэквон-до ИТФ

Самарқанд шаҳрида анъанавий таэквон-до ИТФ бўйича “Samarkand open” турнири ўтказилди.

Унда республикамизнинг 7 вилоятидан келган 200 нафардан ортиқ спортчи беллашди. Мусобақа жараёнларини Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири А.Абдуҳакимов, республика анъанавий таэквондо федерацияси раиси Ғ.Қосимов кузатиб борди.

Беллашув якунига кўра, вилоятимиз таэквондочилари биринчи ўринни эгаллади.

***

Муайтай

Самарқанд шаҳрида муайтай бўйича 2000-2014 йилларда туғилган ўғил ва қизлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси ҳамда профессионал спортчилар ўртасида жанг бўлиб ўтди.

Натижаларга кўра, ёшлар ўртасидаги баҳсда ғолибликни умумжамоа ҳисобида самарқандликлар эгаллади. Наманган иккинчи ва Тошкент шаҳри спортчилари учинчи ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, асосий жангда вилоятимиз вакилларидан Шаҳриёр Жўраев олтин камарни қўлга киритди. Бундан ташқари, Асламжон Ортиқов, Шеҳроз Холмирзаев, Жасур Истамов ҳамда энг ёш спортчи Шаҳрўз Жўраев олтин медал билан тақдирланди.

Ўтказилган 10 та жангда тожикистонлик ва афғонистонлик спортчилар ҳам қатнашди. Қолган олтин медалларни Бухоро, Андижон, Наманган вилоятидан келган спортчилар ҳамда 1 нафар тожикистонлик, 2 нафар афғонимтонлик муайтайчи эгаллади.

Аҳрор Шамсиев.

***

Футбол

Жомбой туманида “Жомбой” жамоаси футболчилари “Пахтакор-79” клубига қарши майдонга тушиб, 2:1 ҳисобда ғалаба қозонди.

Ўйиннинг 60-дақиқасида Абдулла Набиев ҳисобни очган бўлса, 64-дақиқада Бердиёр Абдурашидов устунликни икки ҳисса оширди. Қўшимча вақт сифатида ажратилган дақиқаларда рақиб ҳужумчиси Санжар Тошпўлатов йўллаган зарба "Пахтакор-79" учун ўйиндаги ягона голга айланди – 2:1.

***

Волейбол

Булунғур туманида 2003-2005 йилларда туғилган қиз болалар ўртасида волейбол бўйича вилоят биринчилиги мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақа якунига кўра, Самарқанд шаҳар жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Нуробод тумани жамоаси иккинчи ҳамда Каттақўрғон ва Булунғур туманлари жамоалари учинчи ўринларни эгаллади.

Раббим Ҳотамов.