Эктор Купер: “Келаси учрашувларда максимал очко жамғаришга уринамиз”

ЖЧ-2022 саралаши доирасида Фаластин терма жамоаси меҳмони бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2 та тўп фарқи билан рақибга имкониятни бой берди.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида терма жамоамиз устози Эктор Купер қуйидагича фикр билдирди:

- Ўйинчиларим намойиш этган ўйиндан асло кўнглим тўлмади. Биринчи голни ўтказиб юборгунга қадар ёмон ўйнамаётган эдик. Лекин голдан кейин нима бўлганини рости тушунмадим. Биз диққат-эътиборни ва тартибни унутдик. Ҳимояда қатор қўпол хатоларга йўл қўйдик. Вазиятни ўнглаш мақсадида майдонга янги кучларни туширдик. Аммо якунда бу бизга наф келтирмади.

Шуни айтишим жоизки, биз эндигина саралаш баҳсларини бошладик. Олдинда ўйинлар ҳали кўп. Бугунги учрашувдан тўғри хулоса қилган ҳолда, келаси ўйинларда ғалаба қозонишга уринамиз.

Саралашда энди биттагина ўйин ўтказдик, холос. Битта ўйиндан кейин истеъфо ҳақида гапириш жуда ҳам ноўрин, деб ҳисоблайман.

Фаластин терма жамоасини қўлга киритилган ғалаба билан табриклайман. Рақиб бугун яхши ўйнади. Кейинги босқичга йўл олиш учун барчада имконият мавжуд.

Саралашни ғалаба билан бошлаш жуда муҳим эди. Лекин бугун афсуски ундай бўлмади. Яна бир бор таъкидлайман, ҳали олдинда ўйинлар кўп ва қолган ўйинларда максимал очколарни тўплашга ҳаракат қиламиз.

Қувондиқ ҳамда Икромнинг алмаштирилиши уларнинг чарчаб қолгани билан боғлиқ эди. Қолаверса, олдинги чизиқни кучайтириш мақсадида Темурхўжа ҳам майдонга тушди. Биласизми, биргина мағлубиятдан фожиа ясаш тўғри эмас. Ҳали олдинда ўйинлар бор ва фақатгина саралаш босқичи тугагандагина натижани тўла таҳлил қилса бўлади, - деди мутахассис.