Фатво ҳайъати вакцина олиш ҳукмини эълон қилди
Бугун бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам коронавирусга қарши эмлаш кампанияси олиб борилмоқда. Аммо, одамлар орасида вакцинага ишончсиз қаралмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати вакцинация масаласида ҳукмини эълон қилди. Унда соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари қарийб икки йиллик кузатишлар ва изланишлардан кейин коронавирус – COVID-19 касаллигидан сақланишнинг энг самарали воситаси вакцина олиш экани тўғрисида хулосага келгани қайд этилган.
“Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим кўрсатмалардир. Мана шу жиҳатларга зарар етадиган ҳолатларда шариатимиз уни даф қилиш сабабларини қўллашга буюради. Шундай экан, вакцина олиш зарурати бир неча жиҳатлар билан таъкидланади.
Биринчидан, динимиз кўрсатмаларига кўра, Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг шифосини ҳам берган.
Иккинчидан, баъзи кишилар касал эмаслигини рўкач қилиб, вакцина олишга бепарво бўладилар, ваҳоланки шариатимизда беморликдан аввал ундан сақланишга буюрилган. Демак, бемор бўлмаган кимсалар ҳам касаллик тегишининг олдини олиши ва шунга сабаб бўладиган муолажаларни қилиши динимиз талабидир.
Учинчидан, динимиздаги асосий қоидалардан бири ўзига ҳам ўзгага ҳам зарар бермасликдир. Демак, вакцинани олишимиз биринчи навбатда ўзимизнинг соғлигимиз, қолаверса, яқинларимизнинг соғлигини сақлашга сабаб бўлади.
Тўртинчидан, ҳозирги кунда Ҳаж ва Умра зиёрати сафарини режалаштираётган кишилардан ҳам биринчи навбатда вакцина билан эмланган бўлиши талаб қилинмоқда. Қолаверса, дунёнинг ҳар қандай давлатига бормоқчи бўлган кишидан вакцина билан эмланганлик сўралмоқда.
Хулоса шуки, ҳозирги кунда давлатимиз томонидан фуқароларимизга етказиб берилаётган вакциналарни олишимизга динимиз рухсат беради. Эмланиш шаръан жоиз, чунки бу даволанишнинг бир кўринишидир”, дейилади Фатво ҳайъати ҳукмида.