Энди бизни карантин чоралари эмас, вакцинация ҳимоялайди
Бугун халқимиз орасида “Вакцина нима, у қандай ишлайди, фойдали ёки ножўя таъсирлари нималардан иборат, самарадорлиги ва хавфсизлигининг таҳлиллари қандай амалга оширилди ва бу нега керак” деган саволлар ва унга билиб-билмасдан “шахсий” муносабатлар билдириш қизғин тус олмоқда.
Вакцина – биологик келиб чиқишга эга тиббий препарат бўлиб, инсон организмида маълум вирус ёки бошқа микробга қарши иммунитет ҳосил қилиши билан қийматлидир. Анъанавий усулда у вирус ёки бошқа микробларнинг зарар келтира олмайдиган даражада заифлаштирилган ёки жонсиз шаклини яратиш орқали олинади. Ҳозирги илм-фан ютуқлари эса вирус ёки бактерия организмидан тўла фойдаланмасдан туриб ҳам вакцина яратиш имконини беради. Бунда касаллик қўзғатувчи вирус ёки бактериянинг кичик бир бўлаги биотехнологик усуллар ёрдамида кўпайтирилиб, тозалаб олинади. Ушбу турдаги вакциналар таркибида инфекция қўзғатувчиси бўлмаганлиги учун касалликнинг қайталаниш эҳтимоли мавжуд эмас. Вакциналар бизни касалликлардан қандай ҳимоя қилишини билиш учун, авваламбор, инсон иммун тизимининг ишлаш жараёнини тасаввур қилишимиз керак.
Инсон танасининг ҳимоя тизимини ўта тезкор ва замонавий армияга ўхшатиш мумкин. Унга “душман”, яъни вирус ёки бирор микроб (фанда антигенлар деб юритилади) кириб келганида, иммун тизими уни ташқи белгилари (асосан оқсил қобиғи) орқали таниб олади ва унга қарши анти-таначалардан иборат тезкор гуруҳ “аскар”ларини ишлаб чиқаради. Бу жараён ўз-ўзидан, автоматик равишда рўй беради.
Жонсизлантирилган вакцина инсон танасига юборилганида ҳам шундай жараён содир бўлади: иммун тизими уни аниқлаб, курашувчан махсус бўлинмаларни ишлаб чиқаради. Жонли вирусдан фарқи шундаки, у инсон танасида касаллик келтириб чиқара олмайди. Ушбу усул ҳозирги пайтга қадар касалликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг энг самарали усули бўлиб келмоқда. Табиийки, инсон организми доимий микроблар (антигенлар) қуршовида эканлиги эътиборга олинса, бундай иммун тизим ва табиий вакцинация мунтазам равишда танамизни ҳимоя қилиб туради.
Микробларга қарши тананинг ўзи курашчи (антитаначалар) эканини англаб етиш инсониятга “душман” ҳужумига олдиндан тайёр туриш учун “душман”нинг ўзидан (вакцина) фойдаланиш ва ҳужумга қадар инсон танасида мустаҳкам ҳимоя қўрғонларини (антитаначалар) қуриб қўйиш орқали ҳужумдан беталафот чиқиб кетиш (иммунитет) имконини очиб берди. Дунё тарихида илк вакцинация намуналари бундан тахминан минг йил олдин Ҳиндистонда ва Хитойда қўлланилган деган фаразлар мавжуд, лекин ҳақли равишда бутун дунё тиббиётининг отаси деб тан олинган улуғ аждодимиз Абу Али ибн Сино ўнинчи асрдаёқ хавфли юқумли касалликлар билан курашишнинг жуда муҳим қоидаларни инсониятга туҳфа этган.
Бутун дунёда вакциналарнинг бир қанча турлари мавжуд. Ҳаммамиз уларни, мисол учун, мамлакатимизда жорий этилган, чақалоқликдан то ўсмирликкача бўлган даврда амалга ошириладиган эмлаш дастурлари орқали яхши биламиз ва вакцина кириб бормаган хонадон бўлмаса керак.
Бугунги кунда коронавирусдан ҳимояланиш ва уни енгишнинг энг муҳим шарти – бу албатта вакцинация. Қанчалик машаққатли бўлмасин, ушбу мақсадлар учун бугунги кунга қадар юртимизга бир неча турдаги вакциналардан бир неча миллион доза олиб келинди. Вакцина билан эмланиш бўйича аҳолида танлаш имконияти пайдо бўлди.
Эмланиш зарурати шундаки, биринчидан, ўта зарарли, заҳарли ва ҳатто ўлимгача олиб бораётган коронавирусни танамизга қабул қилиб, уни токи танамиз енгиб чиқариб юбормагунгача кутишдан, бу “катта жангда” организмимизни батамом ҳолдан тойдириб, кейинчалик турли бошқа касалликларни орттириб олишимизга сабабчи бўлганимиздан кўра, коронавирусдан тамомила холи ҳолатда ўзимизни, оила аъзоларимизни, яқинларимизни ва аҳолимизни эмлаганимиз минглаб карра афзалдир.
Иккинчидан, коронавирус пандемиясининг янги тўлқинига тутилиб, вирус юқтириб олган яқинларимизни узоқдан кузатиб туришдан, яна карантин чекловларини жорий қилиб, фарзандларимизни мактабларга юбормасдан уйга қамаб, орзу-ҳавасли дамларини чеклаб туришдан ва энг ёмони, ўзимиз ва мамлакат иқтисодиётини издан чиқишига, жамиятимизда ҳукм сураётган янгиланиш жараёнларининг секинлашувига сабабчи бўлишдан кўра, вакциналар билан эмланиш – ақл ва мантиққа мос бўлган энг тўғри қарордир. Зеро, барчамиз инсониятнинг бир йилдан зиёд вақт мобайнида ушбу пандемиядан катта азият чекканига ўзимиз гувоҳмиз.
Бугунги кунда юртимизда 11 миллион дозадан ортиқ вакцинадан фойдаланилди. Самарқанд вилоятида эса бу кўрсаткич 1 200.000 дозани ташкил этади.
Германиянинг Deutsche Welle нашрининг маълумотига кўра, COVID-19 га қарши эмлаш Германияда минглаб ўлимларнинг олдини олган. Германиянинг Роберт Кох институти мутахассислари маълумотларига кўра, коронавирусга қарши эмлаш компаниясининг дастлабки 6 ой давомида 38 мингдан ортиқ ўлимнинг олди олинган. Дориларсиз профилактика чоралари ва вакцинация 706 минг инфекция юқиш ҳолатининг олдини олишга, касалхоналардаги беморлар сонини 76,6 мингга камайтиришга ёрдам берган.
АҚШнинг Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, пандемия бошлангандан бери Германияда 3,8 миллион COVID-19 га чалиниш ҳолатлари қайд этилган, деярли 92 минг киши вафот этган. АҚШ аҳолисининг 55 фоизи тўлиқ эмланган.
Бугунги вазиятда Самарқанд давлат тиббиёт институти жамоаси ҳам юртимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича чора-тадбирларни янада фаоллаштириш борасида Самарқанд ва қўшни вилоятлар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш учун қўшимча чора-тадбирларни белгилади. Институтнинг 35 та кафедрасида фаолият кўрсатаётган 300 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар Самарқанд шаҳрининг 12 та оилавий поликлиникалари, вилоят, туман (шаҳар)ларнинг 16 та марказий кўп тармоқли поликлиникаси, 47 та оилавий поликлиникалари ва 131 та ОШПларига СOVID-19 короновирус касаллиги туфайли стационар ва амбулатор даволанган беморларни даволаш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш, аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш учун бириктирилди.
Самарқанд шахрида 2 та (2- ва 4-сон оилавий поликлиникаларда), қолган 15 та тиббиёт бирлашмалари негизида 1 тадан, жами 17 та махсус COVID-поликлиника ташкил қилинган. Махсус поликлиникаларда 51 та мобил бригадалар фаолият олиб бормоқда ва уларнинг ҳар бирига бир кунда ўртача 50-55 та мурожаат бўлмоқда. Вилоятда бугунги кунда 353 та эмлаш пунктлари фаолият кўрсатмоқда.
Институтнинг малака ошириш факультетида коронавирус касаллигини даволашга мўлжалланган шифохоналарда фаолият юритиши учун жами 473 нафар врачлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирус касаллигини даволаш учун 8-йиғилиш баённомаси бўйича ўқитилди ва махсус сертификатлар берилди. Ҳозирги кунда яна 100 нафар врачлар ўқитилмоқда.
Аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш, улар томонидан коронавирус инфекцияси борасида пайдо бўлаётган саволларга тегишли мутахассислар томонидан тавсия хамда маслаҳатлар бериш мақсадида 2021 йил 1 июлдан 24 соат давомида фаолият олиб борадиган «Сall-марказ» ва унинг негизида “Онлайн поликлиника” хизмати ҳамда “Онлайн маслаҳат” телеграм бот канали ташкил этилди. Уларга пухта билим ва тажрибага эга умумий амалиёт шифокорлари, кардиолог, невропотолог, эндокринолог, ЛОР, инфекционист, акушер-гинеколог ва психолог каби малакали профессор-ўқитувчилардан иборат мутахассислар бириктирилди.
Бугунги кунга қадар “Онлайн поликлиника” хизмати билан ҳамда “Онлайн маслаҳат” телеграм бот орқали 2710 та мурожаатлар келиб тушган ва 2695 тасига маслаҳатлар берилиб, бир вақтнинг ўзида мутахассислар томонидан аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда. 15 ҳолатда тиббиётга оид бўлмаган саволлар бўлганлиги учун уларга тегишли ташкилотларга мурожаат қилишлари лозимлиги тушунтирилиб келинди.
Юқоридаги саъй-ҳаракатларимиз бугунги кунда бутун дунёни ларзага солиб келаётган кўринмас душманни тез ва талафотларсиз енгишга қаратилган.
Жасур Ризаев,
Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, профессор.